ЖИЗЗАХДА МУҲАНДИСЛИК МАКТАБИ ФАОЛИЯТ БОШЛАДИ

Ўқув йили бошланиши билан Жиззах шаҳрида яна бир янги таълим маскани ўз эшикларини очди. Аммо ушбу даргоҳда бошқа мактаблардан фарқли равишда келажак муҳандислари тайёрланади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Жиззах шаҳрида жойлашган Муҳандислик мактабига 192 нафар ўқувчи имтиҳон асосида саралаб олинди.

Мактаб республикамиз Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги “Янги авлод муҳандисларини тайёрлаш ва муҳандислик таълимини ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилди. Жорий ўқув йилидан республиканинг 13 та ҳудудида фаолият бошлаган муҳандислик мактабларига ўқувчиларни саралаш жараёни ихтисослаштирилган мактабларга қабул қилишда қўлланиладиган мезонлар асос қилиб олинди. Қарорга кўра, янги тизимда мактаб таълими билан олий муҳандислик таълими узвий боғланади. «Янги Ўзбекистон» университети ва Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактаб тажрибаси асосида муҳандислик кадрларини тайёрлайдиган олий таълим ташкилотлари билан интеграциялашган таълим дастури жорий этилади.

– Беш йиллик дастур STEM модели асосида қурилади. 7-синфдан қабул қилинган ўқувчиларга таълимнинг дастлабки уч йилида физика, математика ва хорижий тиллар ўргатилади, – дейди Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги бош мутахассиси Фурқат Нажимов.

Унинг таъкидлашича, кейинги икки йилда эса ўқувчилар муҳандислик фанлари бўйича бошланғич касбий тайёргарликдан ўтади. Шу тариқа назарий билимлар аста-секин аниқ муҳандислик кўникмалари билан бойитилади.

Тизимда мактабнинг 10–11-синфлари ўқув режалари билан муҳандислик олийгоҳларидаги тегишли таълим йўналишларининг биринчи курс дастурлари ўзаро уйғунлаштирилади. Ўқувчилар олий таълим дастурига киритилган махсус фанларни қўшимча равишда ўзлаштиради. Бу жараён кредит-модуль тизими асосида ташкил қилиниб, эгалланган билим ва натижалар Academic Performance кўрсаткичи орқали белгиланган тартибда эътироф этилади.

Янги ёндашувда билимли ва юқори натижа кўрсатган битирувчилар тегишли таълим йўналиши бўйича бир йиллик қўшимча давлат гранти асосида 2-курсдан таҳсилни давом эттириши мумкин. Бунда тест синовлари ва қўшимча имтиҳонлар талаб этилмайди.

Муҳандислик мактабларида назария билан амалиёт ўртасидаги боғлиқликни таъминлаш учун 11-синф ўқувчиларига икки ойлик мажбурий ишлаб чиқариш амалиёти ҳам жорий этилади. Ўқувчи ўзлаштираётган муҳандислик йўналишига мос ишлаб чиқариш корхонасида амалиёт ўтайди. Бу жараён ёшларни реал меҳнат муҳити билан таништириш, касбий тасаввурини бойитиш ва мактабда олган билимларини амалиётда синаб кўриш имконини беради.

Шу тариқа мазкур таълим маскани умумтаълим билимларини бериш билан бирга ўқувчини эрта босқичдан муҳандислик касбига йўналтиради, олий таълим билан узвий боғлаб, ишлаб чиқариш муҳитига олиб киради.

Шаҳноза МАНСУРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *