ЙЎЛ ҲАРАКАТНИ ЁҚТИРАДИ ТЎСИҚНИ ЭМАС

Йил сайин ички йўлларнинг ҳам асфальтланиб, равон бўлиб бораётгани яхши-ю, сал ўтмай “дўнгалаклар” – ётиқ сунъий тўсиқлар пайдо бўлиб қолиши ёмон-да. Баъзилари шу қадар тик ва баландки, секинлаб ошиб ўтган ҳайдовчи, аниқки,  раҳмат айтиб ўтмайди. Аксар кўчаларнинг икки томонига ҳам ўрнатиб қўйиладиган бундай тепаликлар ҳайдовчилар учун тўсиқлар оша югуриш каби спорт турига ўхшайди.   

Экологлар фикрича, пиёдаларни ҳимоя қилиш мақсадида ўрнатилган тўсиқлар шаҳарларда ҳаёт сифатини пасайтиради, тирбандликни кучайтиради ва атроф-муҳитга зарар келтиради.

-Сунъий йўл тўсиқларининг асосий экологик муаммоси автомобилларни мажбурий равишда секинлаштириш ва тезлаштиришга олиб келишида. Ҳар бир тўхташдан кейинги қайта тезлаштириш ёқилғи сарфининг ортишига сабаб бўлади. Бу эса карбонад ангидрид, азот оксидлари, углеводородлар ҳамда PM2.5 ва PM10 каби майда қаттиқ зарраларнинг кўпайишига олиб келади. Таҳлиллар кўрсатадики, йўл тўсиқлари кўп бўлган участкаларда ҳавога чиқадиган зарарли моддалар барқарор тезликда ҳаракатланадиган жойларга нисбатан 60–90 фоизга кўпроқ, – дейди вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси бўлим бош мутахассиси Қобил Муҳаммадиев.

Йўлларда тўсиқларнинг ноқонуний ўрнатилиши ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, аҳолига шошилинч хизмат кўрсатувчи ҳамда махсус транспорт воситалари ҳаракатига халал беради. Шошилинч ёрдам, ёнғин хавфсизлиги ёки тезкор хизматлар ҳар бир тўсиқда қимматли дақиқаларни йўқотади. Бу эса инсон ҳаётига дахл қиладиган вазиятларда ўта салбий натижаларга олиб келиши мумкин.

-12 йилдан бери киракашлик билан шуғулланаман, – дейди Нормат Латипов.- Қайси маҳалла “Опен бюджет”дан лойиҳа ютиб олса, йўллари равон бўлади. Бироқ “Ўзимиз ютиб олдик, энди ўзимиз хўжайинмиз” деб дарров кўплашиб пул йиғиб, “ётиқ полициячи” ясаб олишади. Йўл қоидаси бўйича, кўчага киришда мажбурий секинлашни билдирувчи белги ўрнатилиши  керак. Тўғри, айрим ўпкасини қўлтиқлаб олган ҳайдовчилар учун йўлда болалар хавфсизлигини ўйлаб шунақа чора кўришар. Аммо ҳар ким ўз ҳаракатига ўзи жавобгар, жарима келиши ёки йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлмаслиги учун ҳар бир ҳайдовчи ўзи масъул. Шундоқ ҳам йўлчироқлар, пиёдалар ўтиш жойларида кўп вақт йўқотилади. Сунъий тўсиқлар эса жараённи баттар мушкуллаштиради.

Манзилга етиб боргунча шу мавзуда гапи тугамаган такси ҳайдовчисининг фикрлари бизни масъул идораларга мурожаат қилишга ундади. Хўш, Жиззах вилоятида ушбу ноқонуний ҳолатларга қарши қандай чоралар кўрилмоқда? Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ йўл инфратузилмасини назорати қилиш бўлими катта инспектори, катта лейтенант Муҳаммадюсуф Cайфуллаев сўзлаб берди.

-Қонунчиликка кўра, сунъий тўсиқлар, шлагбаумлар йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларидан бири. “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддасида йўлларда (йўл участкаларида) транспорт воситаларининг ҳаракатланишини чеклаш ёки таъқиқлаш тегишли ваколатли давлат органларининг ахбороти асосида амалга оширилиши белгиланган. Бунинг учун ЙҲХБ ва ФВБ билан келишиш керак. Йўлларда сунъий йўл тўсиқларини ноқонуний ўрнатиш тегишли жавобгарликка сабаб бўлади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 147-моддасиги йўлларда қонунга хилоф равишда тўсиқлар ўрнатиш ва уларни тўсиб қўйиш бўйича қўшимча киритилди. Қоидабузарлик фуқароларга БҲМнинг 5 баравари (1 млн 875 минг сўм), мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 20 баравари (7,5 млн сўм) миқдорида жарима солишни назарда тутади. Аҳоли томонидан ноқонуний равишда йўлнинг қатнов қисмига тўсиқлар ўрнатиш ёки йўлларни тўсиб қўйиш, транспорт воситалари ва фуқароларнинг ҳаракатига тўсқинлик қилиш ҳолатларига чек қўйиш учун жавобгарлик чоралари назарда тутилган.

Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ЙИНҚБ, вилоят Автомобиль йўллари бош бошқармаси ҳамда шаҳар-туман ҳокимликлари хузуридаги Ободонлаштириш бошқармалари масъул ходимлари ҳамкорлигида шундай ҳолатларни бартараф этиш ишлари олиб борилаяпти. Маҳаллий ички кўчалар, айниқса, ташкилотлар атрофида йўлларни ноқонуний равишда тўсиб қўйиш натижасида тирбандликлар ҳосил бўлишининг олдини олиш мақсадида назорат кўригидан ўтказилиб, асоссиз равишда, ўзбошимчалик билан ўрнатилган йўл белгилари ва йўл тўсиқлари олиб ташланяпти. 2025 йил давомида ўзбошимчалик билан ўрнатилган 29 та сунъий нотекисликлар, 10 та шлагбаум ва бетон тўсиқлар ҳамда 7 та 3.1 “Кириш тақиқланади” йўл белгилари олиб ташланди. Жаримага  тортиш масаласига келадиган бўлсак, аҳоли бирлашиб амалга оширгани сабабли айнан бир шахсни жавобгарликка тортиш мушкул.  Шу сабаб фуқаролар билан тушунтириш-тарғибот ишларига кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Бундай чоралар йўлларда ҳаракат иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг эркин ҳаракатланишига шароит яратиш, турли йўл ҳаракатига оид фалокатларнинг олдини олишга хизмат қилади.  

Шу ўринда бир мулоҳаза. Таъқиқлаш ёки жарима билан мақсадга эришиш қийин. Дунё тажрибасига қарайдиган бўлсак, замонавий шаҳарлар сунъий тўсиқлардан воз кечиб, хавфсизликни таъминлашнинг экологик ва қулай усулларини танламоқда. Масалан, кўтарилган пиёдалар йўлаклари (бизда ҳам мактаблар олдида ўрнатилмоқда), йўлни визуал жиҳатдан торайтириш, хавфсизлик ороллари, рангли белгилар ва тезликни камералар орқали назорат қилиш бунга мисол. Бу ечимларда ҳайдовчи кўпроқ тормозлашга мажбур бўлмайди, лекин тезлик назорат остида бўлади. Умуман, ҳар бир ҳайдовчи ва пиёда, шунингдек, уй-жойи кўчалар бўйида жойлашган  фуқаролар  ўзларининг жамоат жойида эканлиги, унинг ҳар бир хатти-ҳаракати бошқалар ҳаётига салбий таъсир қилиши мумкинлигини англаши керак.

Муқаддас САПАРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *