Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими Галереясида вилоятнинг иқтидорли рассомларини бир нуқтага жамлаган “Нуқталар туташганда” номли жамоавий кўргазмасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Сардор Шукуруллаев, Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими бошлиғи Абдураҳмон Каримов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Жиззах вилоят бўлими раҳбари Меҳрибон Абдураҳмонова, ОАВ ходимлари, журналистлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Кўргазмада Азиз Каримов, Шокир Усмонов, Бекзод Абдуллаев, Абдуваҳоб Умаров, Мансур Бердиқулов, Ихтиёр Алибеков, Фарруҳ Қахрамонов каби маҳоратли ижодкорларнинг 80 дан ортиқ сара асарлари ташриф буюрганларга ҳавола этилди.
Кўргазмада реализм ва модернизм йўналишларида яратилган натюрморт, манзара жанридаги ранг-баранг суратлар намойиш этилди.
Рассомларнинг миллий руҳ ва ота-боболаримиздан қолган анъаналарни замонавий модерн услубида талқин этиб ишлаган асарлари томошабинларни ўзига тортди. Ҳар бир асар индивидуал характерга эга бўлиб, ўзида алоҳида ва кенг фалсафий маънони мужассам этди.
Лойиҳанинг асосий ғоясига кўра, ҳар бир ижодкор — ўз коинотига, ўз дунёқарашига эга бўлган алоҳида бир “нуқта”дир. Ушбу кўргазма лойиҳаси мазкур алоҳида нуқталарни ягона чизиққа бирлаштирди ва Жиззах замонавий санъатининг яхлит, ранг-баранг харитасини чизиб берди. Ташриф буюрувчилар Сангзор воҳасининг рангларини, унинг табиати ва одамларини мутлақо янгича ракурсда кўриш имкониятига эга бўлдилар.
Кўргазма давомида иштирокчилар билан экскурсия ташкил этилиб, ҳар бир асарнинг яратилиш тарихи ҳақида муаллифларнинг ҳикояси тингланди.
Шаҳноза МАНСУРОВА.
Ш. ЭГАМҚУЛОВ (фото)