САЙЛОВЧИЛАР  БИЛАН  УЧРАШУВ

Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши депутати Баҳодир Назаров жорий йил 4 март куни Зафаробод туманидаги “Бирлик” ҚФЙ ҳудудида жойлашган 3-сонли мактабнинг мажлислар залида бир гуруҳ сайловчилар билан учрашди.

Йиғилишни “Бирлик” ҚФЙ раиси Жамолиддин Дусбеков очиб, республикамизда, хусусан вилоятимизда бўлаётган ижобий ўзгаришлар, ислоҳотлар самараси, аҳоли турмуш тарзида юз бераётган янгиланишлар, маҳалла еттилиги билан депутатлар томонидан олиб борилаётган ишларга тўхталди.  

Шундан сўнг сўзга чиққан халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши депутати Баҳодир Назаров Зафаробод туманида жорий йилнинг ўтган даврида ижтимоий соҳа, инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида бажарилган ишлар, Ўзбекистoн Республикаси Oлий Мажлиси Сенатининг аъзoси сайлoви бўйича Жиззаx вилoяти, шаҳар ва туманлар маҳаллий давлат ҳoкимияти вакиллик oрганлари депутатларининг қўшма мажлисида кўтарилган устувoр вазифалар ҳақида гапирди.

Жумладан, депутат Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 30 январдаги “2026-2027 йилларда Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича қўшимча  чора тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш ҳамда Зафаробод туманини “Янги Ўзбекистон” қиёфасидаги ҳудудга айлантирилиши борасида батафсил ахборот берди.

Сайловчилар билан очиқ мулоқотда аҳолини қийнаб келаётган муаммолар бўйича уларнинг мурожаатлари, фикр ва таклифлари тингланди. Фуқаролар асосан маҳаллада ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ривожлантириш, томорқалардан самарали фойдаланиш, оқар сув таъминотини яхшилаш, пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш, туман марказига транспорт қатновини йўлга қўйиш, моддий ёрдам ва нафақалар тайинланишидаги муаммолар ҳақидаги масалаларни кўтариб чиқишди.

Аҳоли билан учрашувда кўтарилган масалалар юзасидан маҳалла еттилиги туман ҳокимлиги билан биргаликда тадбирлар режаси ишлаб чиқиб, муаммоларни бартараф этиш чоралари кўриладиган бўлди.

Учрашувда шу ҳудуддан халқ депутатлари Зафаробод туман Кенгаши депутатлигига сайланган Дилдор Чанкаева ва Инобат Алимоваларнинг  ҳисоботлари эшитилди.

Васил ИЛЁСОВ.

Ш.ЭГАМҚУЛОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *