МЕҲРЛИ ҚАЛБ ЭГАСИ

Дунёда болам деб яшайдиган, фарзандларини тарбиялаб, уларга бор  меҳрини берадиган бир инсон бор  – бу  онадир. Ана шундай меҳрибон она, ажойиб устозлардан бири Жиззах шаҳридаги 1-умумтаълим мактабининг ўзбек тили фани ўқитувчиси Умида Икромовадир.

Умида опа  30 йилдирки мактабдаги бошланғич синфларда ўқувчиларга ўзбек тилидан таълим бериб келмоқда. У ўзининг болажонлиги, меҳр-оқибати, ширин сўзи билан шогирдлари, ота-оналарнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлди. Устознинг дарслари миллий анъаналаримиз, урф-одатларимиз, қадриятларимиз асосида ташкил қилиниб, болалар онгига Ватанга, онага, устозга меҳр-муҳаббат, садоқат туйғуларига йўғрилганлиги билан ажралиб туради. Ҳар бир дарси бетакрор, янгиликка бой. Шунинг учун ҳам ўқувчиларда ўзбек тилига бўлган қизиқиш, ҳурмат ҳам каттадир. Устознинг 40 дақиқалик бир дарсида олам-олам меҳр-муҳаббат, садоқат, ҳурмат туйғулари мужассам бўлиб, булар ўғил-қизларни ҳаётга умид, ишонч билан қарашга ундайди. Фарзандларимизни мустақил ҳаётга дадил қадам ташлаб, ўз фикрига, эътиқодига садоқатли бўлиб вояга етишишида Умида опанинг ўрни жуда катта. Уларга нафақат пухта билим, балки бор оналик меҳрини ҳам беради.

Умида опа ўз устида тинимсиз ишлайди. Очиқ дарсларини инновацион янгиликларга мос қилиб, қизиқарли ташкил этади. Устозлар билан ҳамиша ҳаммаслак, шогирдларига ўрнак. Ҳамкасбларининг эътирофи ҳам шундан бўлса ажабмас.

–Мактабимизда юздан зиёд педагоглар фаолият юритади,– дейди мактаб директори Салима Сапарова. –Аммо Умида Икромова ксбига фидойилиги, меҳнатсеварлиги, шогирдларининг кўплиги жиҳатидан бошқалардан ажралиб туради. Таълим масканимизда ана шундай меҳридарё устозлар борлигидан раҳбар сифатида фахрланаман.

Ҳақ гап. Умида Икромова ўз соҳасига қанча меҳру эътибор сарфласа, оиласи учун ҳам шундай жон куйдиради. У умр йўлдош сифатида турмуш ўртоғи Акмал акага ҳамфикр ёр, она сифатида уч нафар фарзандининг тарбиясига масъул аёл, бир оиланинг келажаги учун фидойи инсон, жамият учун эса ўз “мен”ига эга оқила аёл. Шу билан бирга у яқинлари, опа-сингилларига елкадош, ҳамфикр бўлиб фарзандлик мақомини оқлаган, уларнинг орзуларига йўл очган меҳрли қалб эгаси  ҳамдир. Бугунги кунда собитқадамлик билан меҳнат қилаётган устознинг келгуси ишларида омадлар тилаймиз. Токи, юрган йўлларингиздан топганингиз, терганингиз, фикрларингиз жамиятимизда кечаётган улкан янгиланишларга таянч бўлсин деймиз. Байрамингиз муборак бўлсин, Умида опа!

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *