Фарзанд тарбияси, уй юмушларидан ортиб қайсидир соҳада ютуққа эришиши аёлнинг катта билим ва кучли ирода соҳиби эканлигидан далолат. Шу маънода, замонавий аёлни нафақат садоқат тимсоли, балки юрт равнақи йўлидаги жонкуяр ва фидойи инсон сифатида ҳам қадрлаймиз.
Улар бугун деярли барча жабҳаларда эркаклар билан елкама-елка меҳнат қилмоқда. Жумладан, ички ишлар органларида ҳам кўплаб фидойи хотин-қизларнинг жамият фаровонлиги йўлида тиним билмай, сидқидилдан хизмат қилаётгани кишини қувонтиради. Соҳанинг машаққатли синовларида тобланиб келаётган ходимлардан бири Дилафрўз Абдуқодировадир. Ёш ходима 1997 йили Ғаллаорол туманининг Тоғлисой маҳалласида, оддий оилада туғилган. Оила аъзоларидан ҳеч ким ички ишлар соҳасига алоқадор бўлмаса-да, тенгдошларига ҳавас қилиб бу йўлга қадам қўйганини эслайди Дилафрўз. Қаҳрамонимиз 2019 йилда ИИВ академиясининг эксперт-криминалистика бўлимини муваффақиятли тамомлаб, эгнига масъулиятли либосни кийди. Айни пайтда Ғаллаорол туман ИИБ ЖХХ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Меҳнат фаолиятини худди шу лавозимда 22 ёшида Фориш туманида бошлаган Дилафрўз ушбу йўналишнинг “аччиқ-чучугини”, машаққатини етарлича ҳис қилиб кўрди. Ўз касбига садоқат ва юқори талабчанлиги сабабли кейинчалик Бахмал ва Ғаллаорол туманларида ҳам худди шу лавозимда ишлашга қарор қилди.
У оилаларда учрайдиган зўравонликка қарши курашиб, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, қизларнинг касб-ҳунар эгаллаши учун зарур шарт-шароитлар яратилиши борасида доимо жон куйдиради. Оилалар тинчлигини таъминлаш, хотин-қизлар мурожаатларини ўрганиб чиқиш ва муаммосини ҳал этиш, ажримларнинг олдини олиш учун жонҳалак. Бирор оилада низо чиқса, дарҳол етиб боради. Оила аъзоларини муросага келтириб, яраштиради.
– Адашган қизнинг қалбига йўл топиб, ҳаёт йўлини танлашида тўғри йўл кўрсатсам, бир ёлғиз онага ҳужжат масаласида ёрдам берсаму, унинг иши ҳал бўлса, бир ишсизга иш топиб берсаму унинг рўзғорига барака кирса ёки бир оиланинг ярашиб кетишига сабабчи бўлсам ўша кун мендан бахтли аёл йўқ, – дейди капитан Дилафрўз Абдуқодирова. – Ҳар куни турфа тақдирлар билан юзма-юз бўламан. Баъзилари ҳақ-ҳуқуқини билмаганидан ҳаётда қийналган, иш излаб турли жойларда сарғайган, қайнона ёки турмуш ўртоғидан тазйиқ кўрган, мушкулига чора излаган муштипар аёллар. Шунда ҳам улар сабрга суяниб яшайди. Охири сабр косаси тўлгач, нажот истаб бизга мурожаат қилади.
Ўтган йил давомида тинчлик посбони бошчилигида маҳалла фаоллари, нуронийлар, тегишли ташкилотлар билан биргаликда 447 та оиланинг мурожаатлари ўрганилиб, 162 та оиладаги низолар бартараф этилди. Ижтимоий ҳолати оғир 12 та аёлга ҳимоя ордери берилди. Ўтказилган профилактик, психологик, тарбиявий суҳбатлар натижасида 102 та низоли оила яраштирилди. Кўриниб турганидек, натижалар ижобий. Низолар барҳам топиб, оилаларда тинчлик шамоли эсмоқда.
Лавҳамиз қаҳрамони ўз назоратидаги ҳар бир хонадонга кириб, оила аъзолари билан суҳбатлашиб, вазиятни чуқур таҳлил қилиб боради. Оилавий муҳитга қараб уларни рўйхатдан чиқаради ёки ҳуқуқий, ижтимоий ва бошқа ёрдам бўйича тегишли идораларга мурожаат қилади. – Ҳар қандай оиладаги муҳит аввало, аёлнинг чеҳрасида акс топади. Болаларнинг ўйин-кулгиси жаранглаган уйда тинчлик ва хотиржамлик бор. Унда камолга етаётган ўғил-қизлар юзида бахтиёрлик мужжассам, – дейди қаҳрамонимиз.
Дилафрўз кунлик хизматдан сўнг оиласига ошиқади. У турмуш ўртоғи Жасур Абдуқодиров билан 2 нафар ўғилни тарбиялашмоқда. Фарзандларининг билимли, комил инсонлар бўлиб улғайиши йўлида ўзи ҳам мунтазам ўқиб, изланади. Китобхонлик йўналишида бир неча марта вилоят миқёсида ўтказилган турли танловларда ғолиб бўлганлиги сўзимиз исботидир. Ота-она ўқимишли, зиёли бўлса, оилада хотиржамлик бўлади деган сўз ушбу жуфтликнинг олтин қоидасига айланган.
Бугунги кунда турли соҳаларда фаолият юритаётган аёллар нафақат касбига садоқатли мутахассис, балки жамият таянчи, бир оиланинг меҳрибон онаси, вафоли умр йўлдоши ҳамдир. Уларнинг матонати, жасорати ва изланувчанлиги ҳаётимизнинг барча жабҳаларида янгиланиш ва тараққиётга хизмат қилмоқда.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.