Ҳар бир инсон дунёга келар экан, ўзидан бирор нарса қолдиргиси келади. Инсондан солиҳ фарзандлар, эзгу ишлари қолади. Аммо яна бир тоифа одамлар борки, улардан фақат пушаймонлик, азоб-уқубат қолади. Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг Жиззах вилоят филиалида гиёҳвандликдан бир неча марта даволаниб чиққан кимсанинг аянчли қисмати ҳақида очиқ ва ошкора ҳикоя қилмоқчимиз.
“Кечалари йиғлаб чиқади”, дейишди унинг хонадошлари.
— Нега?
— Ҳеч кими йўқ-да! Оиласи ташлаб кетган, қариндошлари ундан юз ўгирган.
Ўзини Қамариддин Йўлчиев (исми-шарифи ўзгартирилган) деб таништирган йигит билан суҳбатимиз унча чўзилмади.
— Дангалини айтаман, мен ҳаётда кўп нарса йўқотдим, одамлар менинг аҳволимни билишсин, фақат исми-шарифимни айтманг, илтимос, минг марта эшитгандан кўра бир марта кўрган афзал деганларидек бошимдан ўтганларини руйирост айтаман,—дея гап бошлади у.— Менинг ҳаётимга ҳеч кимнинг ҳаёти ўхшашини истамайман. Ҳаммасига ўзим айбдорман. Тўқликка шўхлик қилдим. Ота-онам яхши инсонлар эди. Отам шофёр эди, даромади ҳам дурустгина эди. Онам уй бекаси. Уч ўғил, уч қизни тарбиялаб вояга етказишди. Мен ўртанча ўғил эдим.
— Сиз гиёҳвандлик кўчасига қандай кириб қолгансиз?!
— Синфдошларим билан аввал сигарет чекиб кўрдик, сўнгра нос отдик, бар-кафеларга борадиган бўлдик. Биздан тўрт-беш ёш катта йигитлар наша чекиб кўришни таклиф қилишди. Аввал рози бўлмадик, кейин унинг кайфи қанақа экан, деб қизиқиб қолдик. Пул топиб сотиб олдик. Таъми ёқиб қолди, тез-тез сотиб оладиган бўлдик. Охир-оқибат қорадорининг қулига айландик. Бошқа синфдошларим оталаридан калтак еб бу йўлдан қайтишди. Мен эса ота-онамнинг гапларига қулоқ солмадим. Улардан яшириб истеъмол қилиб юрдим. Уйланиб, болалик бўлганимда ҳам ақлим кирмади. Ота-онам мени икки марта наркология диспансерига жойлади. Афсуски даволаниб чиққач, яна эски одатимни бошладим.
—Ўша пайти ташлаб юбормабсиз-да!
— Кўзим очиқ бўлса ҳам сўқирлигимни энди ҳис қилаяпман. Ота-онамни бирин-кетин тупроққа топширдим. Улар мени ўйлаб адо-ю тамом бўлишганини англаб етмаган эканман. Кейин оилам билан ажрашдим. Бир нафар фарзандимни тирик етим қилдим. Ака-укам, опа-синглим билан юз кўрмас бўлдим. Сабаби улардан дори учун бир неча марталаб қарз олиб бермай кетдим. Кейин улар қарз бермай қўйишди. Улар билан жанжаллашдим…
— Ҳозир мана даволаниб шифохонадан чиқаяпсиз экан, энди қорадори истеъмол қилмасангиз керак?!
— Энди бу кўчага яқин йўламайман. Аммо қани ота-ю она? Қани севимли ёрим, ширин фарзандим? Жон-жигарларим?
— Оилангиз билан ярашишга уриниб кўрмадингизми?
— Турмуш ўртоғим мен билан ажрашиб бошқа бир кишига эрга тегиб кетибди. Ҳозир уларнинг бешта фарзанди бор экан. Қизим уларнинг олтинчи фарзанди. Жигарларимнинг олдига боришга эса юзим чидамайди. Энг ёмони гиёҳвандлик сабаб соғлигимни йўқотдим, тузалмас дардга йўлиқдим…
— Бугунги кунда қорадоридан ташқари психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи дорилар истеъмол қилувчилар ҳам учраяпти. Бундай кимсаларга нима деган бўлардингиз?
— Менинг ҳаётим бир мисол. Мен ҳаётда ҳамма нарсани йўқотдим, ҳатто энди қирқ ёшга кираяпман, тузалмас дардга чалиниб, умрим охирлаб бораётганини ҳам сезаяпман. Қандай соғлом, бақувват йигит эдим. Энди-чи?! Кечалари зор-зор йиғлайман. Қани ким ёрдам беради, менга?! Дўхтирларга раҳмат, мени даволашди диспансерда. Гиёҳванд моддалар, дорилар одамни қул қилади. Ёшликда билинмас экан, кейин-кейин суякларим, азойи баданим шунақанги қақшарди, бундай азоб дунёдаги энг оғир азоб бўлса керак. Ҳеч кимга раво кўрмайман. Тенгдошларимга қараб ҳавас қиламан. Оиласи бор, фарзандлари ҳам катта-катта бўлиб қолди, севимли касби бор, эл корига яраяпти. Улардан яхши ном ҳам қолади. Мендан нима қолади (ҳўнграб йиғлаб юборади)…
… Ёшларга дунёдаги энг оғир азобга мубтало бўлманг, иложи бўлса бирортаям дори ичманг, деган бўлардим. Эссиз умрим, эссиз ёшлигим…
Ҳа, ҳаёт инсонга бир марта берилади. Қандай яшаб ўтиш, ундан қандай фойдаланиш инсоннинг инон-ихтиёрида. Соғлом инсон—табиатнинг шоҳ асари. Лекин соғлом бўлатуриб, ўзини ўтга отиш аҳмоқнинг иши. Гиёҳвандлик ҳам худди шундай аҳмоқлик. Ўзини аланга ичига отиб, ундан чиқиш учун уриниш билан баробар, десак муболаға бўлмайди. Қамариддиннинг қисматидан ҳар ким ўзига яраша хулоса чиқариш керак. Гиёҳванд ҳаётида жуда кўп нарсани йўқотди. Тузалмас дардга чалинди. Нақадар афсус-надоматли бу қисмат. Бугунги кунда дунёда гиёҳвандлик оқибатида ҳар куни неча минглаб одамлар ҳаётдан кўз юмаётгани, неча минглаб одамлар ногирон бўлиб қолаётгани ва яна неча минглаб ногирон фарзандлар туғилаётгани ҳеч кимни беэътибор қолдирмаслиги шарт. Айниқса, ота-оналар янада ҳушёр ва огоҳ бўлишлари зарур. Бугун ёшлар орасида билиб-билмасдан психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи дорилар истеъмол қилувчилар учраяпти. Бир кунлик кайфу сафо деб соғлиги ёмонлашганлари қанча, ҳушидан кетиб қолганлари ҳам бор, энг ёмони ҳаётдан кўз юмганларини кўриб дилингиз эзилади. Бундай ақли калта ёшларни бу балодан ким қутқаради? Уларни бу йўлдан қайтариш энг аввало ота-оналарнинг қўлида.
Лочин БЕК.