Юртимизда қиш тугаб, илиқ баҳор фасли бошланди. Халқона тилда айтадиган бўлсак, “илик узилди” бошланди. Айни шу паллада кўпчилик инсонларда ҳолсизлик ва руҳий толқиш кузатилади. Кўпчиликни ланжлик, уйқучанлик, диққат-эътиборнинг сусайиши, руҳий толиқиш, тушкунлик ва бош оғриғи қийнайди. Баъзиларда эса юз-қўл териси қуриб, ёрилади. Кўз тагида кўкимтир излар пайдо бўлади, кўриш қобилияти пасаяди. Соч тўкилиб, тирноқлар мўртлашади. Бу организмда моддалар алмашинуви тезлашиши ва витаминларга бўлган эҳтиёж ортиши билан боғлиқ.
“Илик узилди” давомидаги ҳолсизлик ва руҳий толқишлар организмда моддалар алмашинуви тезланишига ва витаминларга эҳтиёж ортишига боғлиқ. Бу вақтда витаминлар, минераллар, озуқали моддалар ва ўсимлик толаларига бой озиқ-овқатлар тановул қилиш керак. Қолаверса, баҳор фасли кўкатли таомлар, сабзавотлар истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Чунки улар таркибида организм учун зарур бўлган С витамини, озуқа толалари, биофлавоноидлар, антиоксидантлар мавжуд. Айниқса, исмалоқ, ялпиз, мадор, отқулоқ, жағ-жағ каби гиёҳлардан тайёрланган таомлар танада моддалар алмашинуви ва ошқозон-ичак тизимини яхшилайди.
Шунингдек, қишда заифлашган организм А, В, Д ва Е витаминларига муҳтож бўлгани сабабли уларнинг ўрнини тўлдириш учун тўлиқ донли ундан тайёрланган нон, ёнғоқ, гўшт, балиқ, қаймоқ, товорог, ёнғоқ, майиз, бодом ва асал ейиш керак. Тушлик ва кечки овқатда эса кўпроқ ёғсиз ва тез ҳазм бўлувчи овқатлар истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ.