ТАЪЛИМ ҲУДУДЛАРИ – ИМКОНИЯТ ВА РИВОЖЛАНИШ МАЙДОНИ

Вилоятимизда амалга оширилган «Жиззахда таълим ҳудудлари – билим ва имкониятлар майдони» лойиҳаси  хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, аҳолининг касбий кўникмаларини ривожлантириш ҳамда умр давомида таълим олиш имкониятларини кенгайтириш мақсадларига хизмат қилган амалий ташаббуслардан бири бўлди.

Германиянинг Халқ университетлари немис ассоциацияси DVV Internationalнинг Ўзбекистондаги филиали томонидан 6 минг евро грант маблағи ҳисобидан молиялаштирилган лойиҳа вилоят «Қалб нури» маркази ҳамда вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамкорлигида амалга оширилди.

Лойиҳанинг якунига бағишланган сарҳисоб йиғилиши вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйида ўтказилди. Унда Оила ва хотин-қизлар, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармалари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, «Тадбиркор аёл» ишбилармон аёллар ассоциацияси, Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбир доирасида ўқув курслари қатнашчилари томонидан тайёрланган ҳунармандчилик ва амалий санъат намуналари кўргазмаси ташкил этилди. Шунингдек, икки ойлик ўқув дастурларида фаол иштирок этиб, ҳунармандчилик, тадбиркорлик ва IT йўналишларида амалий кўникмаларга эга бўлган 86 нафар хотин-қизга сертификатлар топширилди.

Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнора Нормуродова хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатишнинг аҳамияти ҳақида фикр билдирди.

— Камбағалликни қисқартиришнинг энг самарали йўли инсонга билим бериш, уни меҳнат қилишга ва ўз имкониятларидан самарали фойдаланишга ундашдир. Айниқса, хотин-қизларнинг касбий салоҳиятини ошириш орқали оилаларнинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш мумкин, — деди у.

Унинг қайд этишича, айрим ҳудудларда иш ўринлари яратилганига қарамай, аҳолининг меҳнатга бўлган қизиқишини кучайтириш ҳамон долзарб масала бўлиб қолмоқда. Шу боис таълим ва касб-ҳунар ўқувларини маҳаллаларнинг ўзида ташкил этиш, муваффақият қозонган инсонлар тажрибасини кенг оммалаштириш ҳамда аҳолининг реал эҳтиёжларига асосланган лойиҳаларни амалга ошириш муҳим аҳамият касб этади.

Вилоят «Қалб нури» маркази директори Нодира Алимованинг маълум қилишича, лойиҳа доирасида Жиззах шаҳрининг Кимёгар маҳалласи ва Пахтакор туманида махсус таълим ҳудудлари ташкил этилди. Ташкилотчилар аҳоли билан маҳаллабай ишлаб, хонадонма-хонадон тарғибот олиб борди. Бу эса қисқа вақт ичида ўқув курсларига қизиқишни ошириш ва иштирокчилар қамровини кенгайтириш имконини берди.

Лойиҳа доирасида рақамли ва медиасаводхонлик, тадбиркорлик, ҳунармандчилик, молиявий саводхонлик ҳамда шахсий ривожланишга бағишланган 20 та маҳорат дарси ташкил этилди. Машғулотларга давлат идоралари, банк муассасалари, тадбиркорлар уюшмалари, соғлиқни сақлаш тизими ва ҳуқуқ соҳаси мутахассислари жалб этилди.

Натижада 200 нафардан ортиқ иштирокчи янги билим ва амалий кўникмаларни эгаллади. Уларнинг бир қисми тадбиркорлар ҳузурида шогирд сифатида фаолият бошлади, бошқалари эса ҳунармандчилик ва хизмат кўрсатиш соҳаларида дастлабки буюртмаларини қабул қилиб, мустақил даромад топишга киришди.

Тадбир иштирокчилари таъкидлаганидек, мазкур ташаббуснинг энг муҳим натижаси сертификатлар ёки ўтказилган машғулотлар сони эмас, балки иштирокчиларда ўз кучига ишонч, меҳнат қилишга интилиш ва иқтисодий мустақилликка эришишга бўлган иштиёқнинг шаклланганидир.

Йиғилиш якунида таълим ҳудудлари тажрибасини кенгайтириш хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, аҳолининг иқтисодий фаоллигини ошириш ва маҳаллаларда барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Шунингдек, лойиҳанинг ижобий натижаларини вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам татбиқ этиш режалаштирилаётгани маълум қилинди.

Шаҳноза МАНСУРОВА.

Ботир ҚУДРАТОВ олган сурат.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *