Таҳририятга Шароф Рашидов тумани Тоқчилик маҳалласида яшовчи Ўрозгул Муратова мурожаат қилиб, 3-сектор раҳбари, вилоят ИИБ бошлиғи, генерал Ғ.Қодировга миннатдорлик хатни чоп этишимизни сўради.
“Турмуш ўртоғим 48 ёшида вафот этган. Ўғлим ўшанда 3 ёш эди. Бир ўғил ва қизни боқиб, катта қилиш ўз зиммамда қолди. Ўқитувчилик касбим ортидан уларни тарбиялаб вояга етказдим. Аммо уй-жойни таъмирлаш, пойдевор ташланган иморатни кўтаришга маблағ орттира олмаганмиз.
Ўғлим Элёр Муратов “Ёшлар дафтари”га рўйхатга олингач, ўзини ўзи банд қилиши учун кўмак сўраб турли ташкилотларга мурожаат қилдим. Мотокультиватор сўраб қилган мурожаатим бир ярим йилда ҳам ечим топмади. Охири вилоят ИИБга бориб, шу бўйича мурожаат қилганимда, уч кун ичида ижобий ечим топилди.
Генерал Ғайрат Қодиров ИИБ ходимлари билан уйимизга келиб, мотокультиваторни топшириш баробарида уй-жойларни ҳам кўздан кечирди. Икки хонали уйни тез кунда қуриб битказишга ёрдам қилди. Ўғлимнинг “Ёшлар дафтари”дан чиқиб, ўз даромад манбаига эга бўлишида, шунингдек, подполковник Қиличбек Шавалиев, ходимлар Сардор Тожиев, Синдор Каримов, Аваз Мамарасуловларнинг ҳам хизматлари катта бўлди. Зиммасига юклатилган вазифа нақадар залворли бўлмасин, уни виждонан бажариб, халқнинг корига яраётган, давлат раҳбарининг ишончини оқлаётган бундай ходимларга минг раҳмат! Элни эъзозлаганни эл эъзозлайди. Мен уларга чин қалбимдан миннатдорлик билдирган ҳолда соғлик-саломатлик, машаққатли касбида зафарлар, оилаларига осудалик, юртимизга тинчлик-осойишталик тилайман.
Ўрозгул МУРОТОВА