Вақтинча энергия сақловчи кичик батареялар кундалик турмушда кўп ишлатилади. Соат, пульт ёки болалар ўйинчоқларини ҳаракатга келтиришда улардан фойдаланмасликнинг асло иложи йўқ. Муддати тугагач, уларни деярли ҳамма чиқиндига улоқтиради. Аммо бу мутлақо номақбул йўл.
Ёз ойларида чиқинди шохобчаларида ёнғинлар келиб чиқишига айнан шундай батареялар сабаб бўлади. Қуёш таъсирида улар қизийди ва атрофида ёнишга мойил материалларга таъсир қилади. Бироқ бу турдаги чиқиндиларнинг асосий хавфи – уларнинг экологияга таъсири ҳисобланади. Батареялар қўрғошин, симоб, кадмий ва бошқа оғир металларни ўз ичига олади. Улар қуруқлик ёки сув ҳавзаларига кирганда, бу моддалар тупроқни, дарё ва кўлларни, ҳатто ер ости сувларини ҳам секин-аста ифлослантириб боради. Мисол учун, битта батарея 20 м2 тупроқни ва 400 литр сувни ифлослантириш даражасига эга.
Айнан шу сабабли батареяларни йиғиш учун махсус контейнерлар ўрнатилади. Ўзбекистонда ҳам 100 дан ортиқ йиғиш пункти мавжуд. Жиззах вилояти экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармасида шундай пункт ишлаб турибди. Ушбу контейнерларга ташланган батареялар қайта ишланади ёки табиатга зарар етказмасдан тўғри йўл билан йўқ қилинади.
Хонадонда ишлатилган батареяларни йиғиш орқали тупроқ ва сувнинг тозалигини сақлаш, заҳарли моддаларнинг атроф-муҳитга тарқалишининг олдини олиш мумкин. Болаларни бунга одатлантириш орқали чиқиндиларни масъулиятли бошқаришга ўргатиш энг муҳим натижа ҳисобланади.
Лазиз БАРАТОВ,
Жиззах политехника институти
“Энергетика ва электр технологияси” кафедраси ассистенти.