УЧ ЮЗ ҚИРҚ ОЛТИТА УЙ ТАЪМИРЛАНАДИ  

Вилоятда жами 2649 та кўп қаватли уйлар мавжуд бўлиб, 48 мингдан зиёд хонадонда 200 мингга яқин аҳоли яшаб келмоқда. Бу умумий аҳолининг 12,5 фоизини ташкил этади.  Ушбу уйларга ҳудудлардаги 34 та бошқарув сервис компаниялари хизмат кўрсатиб келмоқда.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли қарорларига асосан шаҳар ва туманлардаги жами 1793 та кўп қаватли уйларни базальт билан қоплаш учун маблағлар ажратилган эди. Бугунги кунда 1547 та уйда ишлар тўлиқ якунланиб, фойдаланишга топширилди. Қолган 246 та уйнинг Жиззах шаҳридаги 76 таси реновацияга тушган ҳудуддалиги, Дўстлик туманидаги 27 та уйнинг  травертин қилинганлиги сабаб  базальт қопламаси билан қоплаш ишлари кейинчалик давом эттирилди. Пахтакор тумани
 “Пахтакор” МФЙдаги 101 та ҳамда  “Боғишамол” МФЙда жойлашган 42 та уйда ноқонуний қурилмалар борлиги сабабли базальт қопламаси белгиланган муддатларда якунланмади.  26 та мактаб, 47 та боғча, 57 та соғлиқни сақлаш иншоотларида базальт билан қоплаш ишлари тўлиқ якунланди.

Бундан ташқари, 75 та уй-жойларнинг 61,1 минг м² том қисми, 238 та кириш йўлаклари (подъезд), 498 та уй-жойларнинг ертўла ва уй ички муҳандислик коммуникация қувурлари, 61 та уйларнинг ички иссиқлик тизими, 2178 та электр тақсимловчи шитлар, 972 м² фрамуга ромларни мукаммал ва жорий таъмирланиб, 438 та кодли темир эшиклар, 240 та кузатув камералари ўрнатилди. Туташ ер майдонларига 71 та болалар майдончалари, 66 минг м² пиёдалар йўлакларни бетон қоплама билан қопланиб, 809 та ташқи тунги ёритиш мосламалари ўрнатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 28 млрд 315 млн сўм республика бюджети маблағлари ҳисобидан кўп қаватли уйларнинг туташ ҳудудларига 52 та болалар майдончаси, 4986 п/м ирригация тармоқлари ҳамда 49 минг м2 бетон қопламали йўлаклар қурилиши белгиланган.

 —Туман ва шаҳар ҳокимликларининг маҳаллий бюджет ҳамда бошқарув ташкилотлари маблағлари ҳисобига вилоятдаги 346 та уйларда иш турларига кўра таъмирлаш ишлари олиб борилади, —дейди вилоят қурилиш ва уй-жой хўжалиги бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Баҳром Бойқулов.   —Бунда 26 та уйнинг том қисми, 482 та кириш йўлаклари ва 10 та уйнинг ертўла қисмидаги муҳандислик коммуникациялари таъмирланади ҳамда 273 та кодли қулфли темир эшиклар, 502 м2 фромуга ромлари, 876 та энергия тежамкор сенсорли лампалар, 493 та тунги ёритиш воситалари, 923 та ўриндиқ ва чиқинди қутиси ўрнатилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 11 мартдаги  қарорига асосан эски “Иссиқлик манбаи” ДУК тугатилиб, унинг ўрнига Жиззах вилояти “Иссиқлик таъминоти” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. Бугунги кунда вилоятда “Иссиқлик таъминоти” МЧЖга қарашли 13 та қозонхона фаолият кўрсатмоқда. Мазкур қозонхоналар 159 та кўп қаватли уйлар ва 34 та ижтимоий соҳа иншоотларини марказлашган иссиқлик энергияси билан таъминламоқда.

—Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги  қарорига асосан, 2026 йилда 132  млрд сўм маблағ  ҳисобидан Жиззах шаҳри “Иттифоқ” МФЙдаги РК-1 сонли қозонхона ҳудудида когенерация технологиясини жорий этиш доирасида 5,1 МВт электр ва 14 МВт иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчи қозонхона биносига қўшимча бошқарув иншооти ҳамда газ-буғ турбинаси ўрнатилади,—дейди Жиззах вилояти “Иссиқлик таъминоти” МЧЖ директори Зоҳид Раҳмонбердиев.— Ускуналар учун 2,7 млн евро марказлашган маблағлар ҳисобидан ажратилган.

Янги қурилаётган кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа иншоотларини иссиқлик билан таъминлаш мақсадида Шароф Рашидов тумани “Янги Ўзбекистон” массивида 8,5 млрд сўм маблағ эвазига 3,2 км иссиқлик тармоқларини тортиш ишлари бошланган.

Жиззах шаҳри Заргарлик маҳалласи ҳудудидаги 25 та кўп қаватли уйларнинг иссиқлик таъминоти тизимини яхшилаш мақсадида 25 та индивидуал иссиқлик пунктлари  ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, бунинг учун 7  млрд сўм маблағ ажратилиши кутилмоқда.   

Дўстлик тумани Чинобод маҳалласи ҳудудидаги янги қурилган кўп қаватли уйларни иссиқлик билан таъминлаш мақсадида иссиқлик тармоқларини тортиш ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа қиймати 1,6 млрд сўмни ташкил этади. Жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари учун
2026 йилда республика бюджетидан 2 млрд сўм маблағ ажратилиб, ушбу дастур доирасида 6 та қозон ва 2,4 км иссиқлик тармоқлари таъмирланади.

2026 йилда бажариладиган пудрат ишларининг қиймати 188,1 млрд сўмни ташкил этади. Ушбу маблағлар ўзлаштирилиши натижасида жами 110 та кўп қаватли уй, яъни, 3850 та хонадон тўлиқ иссиқлик таъминоти билан таъминланади. Шунингдек, кўп қаватли уйларнинг марказлашган тармоққа уланиши натижасида йилига 20,0 млн м³ табиий газ тежалишига эришилади.

Зоир ЭРГАШЕВ.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *