Пиллачилик юртимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, хотин-қизлар учун қўшимча даромад манбаи яратишда муҳим ўрин тутади. Баҳор фаслининг илк ҳосилларидан бири саналган «кумуш тола» нафақат иқтисодий аҳамиятга эга, балки миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисми ҳамдир.
Жорий йилги мавсумни Шароф Рашидов тумани пиллакорлари ҳам юқори уюшқоқлик билан бошлашди. Айни пайтда туманда 5 та марказлашган ва 8 та мослаштирилган пиллахона фаолият юритаётган бўлса, 783 та фермер хўжалиги ҳамда 205 та хонадон ипак қурти парвариши билан банд. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида 8 минг нафардан зиёд хотин-қизларнинг мавсумий бандлиги таъминланди.
Туман “Агропилла” МЧЖ раҳбари Азиз Бозорбоевнинг таъкидлашича, биринчи мавсумда 2767 қути, иккинчи мавсумда эса 1134 қути ипак қурти парваришланиши белгиланган. Вилоятда пилла етиштириш бўйича етакчилардан бўлган ушбу туманда бу йил 166 тонна ҳосил тайёрлаш режалаштирилган. Соҳани ривожлантириш учун зарур шароитлар яратилаётгани эса кутилган натижаларни бермоқда.
Хусусан, Яккақайрағоч маҳалласида вилоят ҳокими ташаббуси билан ташкил этилган “Марказлашган қуртхона”да маҳалла хотин-қизлари меҳнат қилишмоқда.
– Миллий қадрият даражасига кўтарилган бу касбга ёшларнинг ҳам қизиқиши ортиб бормоқда, – дейди Маҳалла раиси Холмирза Раҳимов. – Маҳалламиздаги қуртхонага ёшлар етакчиси Элдор Суннатов озуқа базасини етказиб беришни ўз зиммасига олган. Ҳозирда ишчилар аллақачон дастлабки пиллаларни йиғиштириб олишга киришди.
Тажрибали пиллакор Гулчеҳра Холматованинг хонадонида ҳам айни кунларда қизғин иш давом этмоқда. Олти қути ипак қуртини оилавий парваришлаётган Гулчеҳра опа ҳозиргача бир қутидан 70 килограмм ҳосилни топширишга улгурди. Унинг таъкидлашича, 24 кун давом этадиган бу машаққатли меҳнатнинг роҳати ва даромади юқори бўлиб, оила ушбу мавсумда 30 миллион сўм фойда олишни кўзламоқда.
Пиллачилик нафақат даромад манбаи, балки оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва миллий анъаналарни асраб-авайлашда ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Худди шундай қизғин жараёнлар вилоятнинг барча туманларида давом этмоқда.
Шаҳноза МАНСУРОВА.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).