Нурота тизмасининг Балиқли тоғ этагида Хитой инвестицияси ҳисобига фаолият юритаётган яна бир қўшма корхона жорий йилнинг апрель ойидан янги қувват билан ишлашга киришди. “FORIGHT GRANITE MINE” МЧЖ томонидан озиқ-овқат пигменти ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳа қиймати 25 млн АҚШ долларини ташкил этувчи корхона Шароф Рашидов туманининг “Қулписар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилди.
—Корхонамизни ташкил этилишида маҳаллий ҳамкорларимиз катта ёрдам беришди,—дейди “FORIGHT GRANITE MINE” МЧЖ бош менежери Ван Чанг Зе. —Бизга хом ашё ҳудудимиз белгилаб берилиб, инфратузилма яратилди. Сармоя киритиб, ишни бошладик. Йил бошидан бошлаб ўтган уч ойда 21 млрд сўмлик оҳак маҳсулоти ишлаб чиқардик. Бу тажриба синови бўлди. Ҳозирда 30 нафар ишчимиз бор. Келаси ойдан бошлаб фаолиятимизни кенгайтириб, яна 5 млн долларлик инвестиция киритамиз. Иш ўринлари сонини элликтага етказамиз.
Қулай инвестиция ва инфратузилма шароити хорижлик ҳамкорларни йил охиригача 200 минг тонна оҳак ҳамда 40 минг тонна кальций оксид, гидроксид, микрокальцид каби озиқ-овқат пигменти маҳсулотларини ишлаб чиқариш имконини беради. Яхши биласиз, озиқ-овқат пигменти бу қальций етишмовчилигининг олдини оладиган маҳсулот ҳисобланади. Тайёр маҳсулотлар ҳам ички бозорга, ҳамда қўшни Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистон Республикаларига экспорт қилинади.
Корхонанинг умумий майдони 5 гектарни ташкил этиб, шундан 5000 квадрат метрда ёпиқ иншоотлар барпо этилди. Лойиҳанинг хорижий ҳамкори “ZIBO FLITE CERAMIC SPARTNERSHIP LIMITED PARTNERSHIP” Co.,LTD, хизмат кўрсатувчи банк эса “Hamkorbank” ҳисобланади. Корхонага Хитойдан замонавий дастгоҳлар келтирилди. Корхона тўла қувват билан ишга тушгач, юзта янги иш ўрни яратилади. Йил якуни билан мазкур корхонада 100 млрд сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Зоир ЭРГАШЕВ.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).