Юртимизда азалдан пиллачилик нафақат даромад манбаи, балки халқимизнинг меҳнатсеварлиги, сабр-тоқати ва қадриятларини намоён этувчи муҳим соҳалардан бири бўлиб келган. Айниқса, бугунги кунда давлатимиз томонидан соҳага берилаётган эътибор туфайли пиллачилик қишлоқ аҳолиси учун қўшимча маблағ, шунингдек хотин-қизлар бандлигини таъминлаш воситаси ҳамда экспортбоп маҳсулот етиштиришнинг самарали йўналишига айланмоқда. Бу борада Ғаллаорол туманида амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътиборга лойиқ.
Сўнгги йилларда тизимли ёндашув, замонавий агротехнологиялар ва аҳолининг бу соҳага бўлган қизиқиши натижасида пиллачилик туман иқтисодиётининг муҳим бўғинларидан бирига айланди. Бугун туманда минглаб оилалар ипак қурти парвариши билан шуғулланмоқда. Бу эса нафақат иқтисодий фойда, балки одамларнинг меҳнатга бўлган муносабатини ҳам мустаҳкамлайди. Чунки ипак қурти боқиш, катта масъулият ва тинимсиз меҳнат талаб қиладиган жараёндир.
Тумандаги пиллачилик тизимининг муҳим бўғинларидан бири — “Ғаллаорол Агро Пилла” МЧЖ фаолиятидир. Корхона туманда етиштирилаётган пиллаларни қабул қилиш, саралаш ва белгиланган тартибда топшириш ишларини ҳар мавсум амалга ошириб келади. Ушбу масканга ташриф давомида бу ерда қанчадан-қанча инсонларнинг фидокорона меҳнати мужассам эканлигига гувоҳ бўлдик. Айни пайтда туманда қарийб 4800 нафар пиллакор ипак қурти парвариши билан банд. Бу эса минглаб оилалар учун мавсумий даромад манбаи демакдир. Корхона раҳбари Шарофат Қўчқорова билан бўлган суҳбат давомида соҳанинг бугунги ҳолати, эришилаётган натижалар ва келгусидаги режалар ҳақида атрофлича фикр юритилди.
— Ҳар йили белгиланган режани 100 фоизга бажаришга одатланганмиз,—дейди Шарофат опа.—Бу йилги мавсумда 100,3 тонна пилла топшириб, режани ортиғи билан бажардик. Албатта, бу натижага эришиш ортида минглаб инсонларнинг машаққатли меҳнати ётади. Пиллачилик ташқаридан қараганда оддий кўрингани билан жуда нозик ва масъулиятли жараён. Ипак қурти доимий парвариш, тозалик ва эътибор талаб қилади. Айниқса, баҳорнинг ўзгарувчан об-ҳавоси, тут баргини сифатли етказиб бериш каби омиллар пиллакорлардан катта сабр ва тажриба талаб этади. Айрим ҳолларда одамлар тунлари билан ухламай ипак қуртига қарайди. Чунки бир неча соатлик эътиборсизлик ҳам ҳосилга таъсир қилиши мумкин. Аммо меҳнатнинг ортидан барака келади. Энг муҳими, одамлар бу орқали ўз рўзғорини мустаҳкамлаяпти, фарзандлари таълимига ва оиласига қўшимча даромад топмоқда.
Дарҳақиқат, бугун пиллачилик кўплаб оилаларнинг иқтисодий таянчига айланиб улгурган. Мутахассисларнинг фикрича, пиллачиликнинг яна бир муҳим жиҳати, бу экологик тоза ва экспортбоп маҳсулот етиштирилишидадир. Ўзбек ипак маҳсулотлари бугунги кунда дунёнинг кўплаб давлатларида қадрланмоқда. Ёши улуғ пиллакорларнинг айтишича, пиллачилик қадимдан ўзбек хонадонларига файз олиб кирган. Чунки бу меҳнат тури оилани бирлаштиради, сабр ва ҳамжиҳатликни ўргатади. Уйда каттадан кичиккача бир мақсад йўлида ҳаракат қилади. Шу маънода пиллачилик — халқимизнинг қадриятлари билан уйғунлашган ноёб соҳа. Ғаллаороллик пиллакорлар ҳузурида бўлиб, бунга гувоҳ бўлдик.
Худойберди ЗИЁТОВ.