Шароф Рашидов туманининг “Куёвбоши” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Шавкат Нуруллаев мебелчиликни ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш учун турмуш ўртоғи Васила билан маслаҳатлашди. Маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчиси Нурланбек Худойбердиевнинг тавсиясига кўра, оилага “Микрокредитбанк”нинг туман филиалидан юз миллион сўмлик имтиёзли кредит ажратилди.
“Ҳар бир оила—тадбиркор” давлат дастурига асосан тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида Шавкат Нуруллаев хонадонининг ёнидан цех учун алоҳида бино барпо этди. Банкдан олган кредити эвазига турли русумдаги дастгоҳларни ўрнатди. Дастлаб турмуш ўртоғи, сўнгра фарзандлари тадбиркорга камарбаста бўлди. Мана икки йилдирки якка тартибдаги тадбиркор сифатида элга танилган Шавкат Нуруллаев раҳбарлик қилаётган мебель цехи-да иш қизғин. Буюртма асосида мижозларга ошхона, меҳмонхона, ётоқхона мебеллари, шунингдек, болаларга мўлжалланган стол-стуллар ва ўриндиқлар ишлаб чиқарилаётир.

— Ёшлигимдан мебелчиликка қизиқишим юқори эди,—дейди қўшни хонадонда яшовчи Фазлиддин Мамаюсупов. —Шавкат акага шогирд тутиндим. У кишидан мебелчиликнинг ўзига хос нозик сирларини ўзлаштиришга ҳаракат қилаяпман.
Ҳа, бугун ҳамма ҳам тадбиркор бўлавермайди. Бундай пайтда яхши лойиҳа, маблағ, билим ва кўникма, ташаббусингни қўллайдиган қанот керак бўлади. Шавкат Нуруллаевга бу борада фарзандлари Самандар ҳамда Сардоржон камарбаста бўлди. Шунингдек, тадбиркорга маҳаллий ҳокимиятнинг кўмаги, давлат томонидан амалга оширилаётган имтиёзлар ва кредит сабаб эндиликда мебелчилик фаолиятини кенгайтириш, янги маҳсулотлар сони ва сифатини оширишни мақсад қилган.
Оилавий тадбиркор томонидан миллий ва Европа усулида тайёрланган эшик ва деразалар, ошхона, меҳмонхона, болалар мебеллари, сандиқ ва қутилар, мактабгача таълим ташкилотлари учун мўлжалланган жиҳозларга буюртмалар кўп. Тадбиркор янги изланишлар ва ғоялар устида ишламоқда. Яқинда у мебелчиликда асқотадиган янги услубдаги замонавий дастгоҳ олиб келиб, цехга ўрнатишни ният қилган. Бу дастгоҳ ёрдамида тайёрланган янги тур маҳсулотлар янада сержило ва нафислиги билан олдингиларидан ажралиб туради.
Зоир ТУРСУНҚУЛОВ.
Худойберди ЗИЁТОВ (фото).