ДОИМИЙ КОМИССИЯЛАР ЙИҒИЛИШЛАРИ

Халқ депутатлари вилоят Кенгашида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг еттинчи чақириқ 30-сессиясига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш мақсадида доимий комиссиялар йиғилишлари бўлиб ўтди.

Кенгашнинг маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича бўлиб ўтган доимий комиссия йиғилишини комиссия раиси Акрам Раҳмонқулов бошқариб борди.

Кун тартибидан ўрин олган “Жиззах вилояти маҳаллий бюджетининг 2025 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни ташқи аудит ва баҳолашдан ўтказиш натижалари таҳлили тўғрисида” ҳамда “Вилоят бюджетининг қўшимча манбалардан фойдаланиш тўғрисида”ги масалалар юзасидан вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Акбар Раҳматуллаевнинг ҳисоботи тингланди.

Маърузада айтилишича, вилоят маҳаллий бюджети даромадларини шакллантириш ва солиқ базасини кенгайтириш бўйича олиб борилган ишлар натижасида 2025 йилда маҳаллий бюджет даромадлари 2 триллион 605 миллиард сўмни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 106,5 миллиард сўмга ошган бўлса-да, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тушумларида маълум камайиш кузатилган. Шунга қарамай, яширин иқтисодиётни қисқартириш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ҳамда қўшимча захираларни ишга солиш орқали бюджет даромадларини ошириш имкониятлари режалаштирилган. Шунингдек, ташқи реклама соҳасида яширин иқтисодий фаолиятни легаллаштириш ва солиқ тушумларини кўпайтириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида бюджетга қўшимча маблағлар жалб этиш имкониятлари мавжудлиги қайд этилди.

Йиғилишда депутатлар шунингдек, “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги масалани ҳам муҳокама қилишди.

Шу куни бўлиб ўтган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича доимий комиссия йиғилишини комиссия раиси Баҳодир Назаров бошқариб борди. Унда вилоят прокурори Бахтиёр Иброҳимовнинг “Коррупцияга қарши курашиш ва коррупциявий омилларнинг олдини олиш борасида долзарб чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича йўл харитасининг ижроси тўғрисида”ги масала юзасидан маърузаси тингланди.

Шунингдек, фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ўтказилган доимий комиссия йиғилишида комиссия раиси Озод Бобомуродов депутатларни кун тартибидан ўрин олган мавзулар билан таништирди. Йиғилишда вилоят мактаб ва мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинчалик бажарувчи Шоҳида Даманованинг “Жиззах вилояти мактаб ва мактабгача таълим бошқармаси бошлиғининг 2025 йил якунлари бўйича йиллик ҳисоботини кўриб чиқиш натижалари тўғрисида”ги масала бўйича берган ҳисоботи комиссия аъзолари эътиборига ҳавола этилди.

Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *