ФИКРЛАШДАН ВОЗ КЕЧМАЯПМИЗМИ?

Инсоният тарихида ҳар бир янги технология катта умидлар билан қарши олинган. Буғ машинаси, электр энергияси, компьютер ва интернет ҳаётимизни ўзгартиргани каби, бугун сунъий интеллект ҳам янги имкониятлар эшигини очмоқда.

Ҳақиқатан, сунъий интеллект қисқа вақтда катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиши, матнлар тайёрлаши, таржима қилиши ва кўплаб вазифаларни енгиллаштириши мумкин. Буни инкор этиб бўлмайди. Аммо ҳар қандай қулайликнинг ҳам баҳоси бўлади.

Бугун айрим соҳаларда инсоннинг мустақил фикрлаши, изланиши ва таҳлил қилиши ўрнига тайёр жавобга интилиш кучайиб бормоқда. Бу ҳолат айниқса журналистика ва ахборот соҳасида яққол кўзга ташланади.

Бир муддат аввал вилоятдаги оммавий ахборот воситалари ва ахборот хизматлари вакиллари иштирок этган йиғилишда қизиқ бир ҳолат кузатилди. Муҳокама жараёнида айрим ахборот хизмати ходимлари ҳатто оддий хабар ёзишда қийналаётгани, ўз ташкилоти фаолияти ҳақида тўлақонли ахборот тайёрлай олмаётгани ҳақида гап кетди. Шунда масъул раҳбарлардан бири буни жиддий муаммо сифатида баҳолаш ўрнига: “Сунъий интеллект бор-ку, шунга ташласангиз, дарров ёзиб беради”, деган мазмунда фикр билдирди.

Бир қарашда бу гап замонавий ва амалий ечимдек туюлиши мумкин. Аммо муаммонинг ўзи ҳам шунда. Агар хабарни дастур ёзса, таҳлилни дастур қилса, фикрни дастур шакллантирса, унда мутахассиснинг ўзи нима вазифани бажаради?

Ахборот хизмати ходими ёки журналистнинг асосий вазифаси матн териш эмас. У воқеани англаши, фактларни саралаши, муҳим жиҳатларни ажрата олиши ва жамоатчиликка тўғри ахборот етказиши керак. Сунъий интеллект эса бу жараёнда ёрдамчи восита бўлиши мумкин, холос.

Афсуски, бугун айрим ахборот хизмати вакиллари журналистикадан анча узоқлашиб қолганини кузатиш мумкин. Оддий хабарни мустақил ёзиш, воқеани таҳлил қилиш ёки ахборотни профессионал тарзда тақдим этиш кўникмаси етишмайди. Кўп ҳолларда тайёр матнлар сунъий интеллект орқали олинади, ходим эса унинг мазмунини чуқур англаб ҳам етмайди.

Бу эса назаримда хавотирли ҳолат. Чунки фикрлаш ҳам машқ билан шаклланади. Агар инсон ҳар сафар тайёр жавобга мурожаат қилса, вақт ўтиши билан мустақил таҳлил қилиш қобилияти сусаяди.

Журналистика эса аввало фикрлаш санъатидир. Ҳақиқий журналист воқеани шунчаки тасвирламайди. У савол қўяди, сабабларни излайди, ҳақиқатни очишга ҳаракат қилади. Бу вазифани ҳеч қандай технология тўлиқ бажара олмайди.

Масала фақат журналистика билан тугамайди. Бугун сунъий интеллект шеър ёзяпти. Ҳикоя ёзяпти. Қўшиқ матни яратяпти. Сценарий таклиф қиляпти.

Эртага китоб ҳам ёзиши мумкин. Шунда табиий савол туғилади: инсон ижодкорининг ўрни қаерда қолади?

Албатта, сунъий интеллектдан воз кечиш керак деган фикрдан йироқмиз. Аксинча, ундан самарали фойдаланиш замон талаби. Лекин технология инсон ақлининг ўрнини эгаллаши керак эмас, имкониятларини кенгайтириши лозим.

Тарихга назар ташласак, тараққиётни технология эмас, уни яратган ва ундан оқилона фойдаланган инсонлар таъминлаган. Шунинг учун бугун энг муҳим вазифа ҳам сунъий интеллектдан кўр-кўрона фойдаланиш эмас, балки инсоннинг мустақил фикрлаш қобилиятини сақлаб қолишдир.

Саид Донишев,

журналист.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *