Савол: Автомототранспорт воситаларини жарима майдончасидан олиб чиқиш тартиби қандай? Шу ҳақида маълумот берсангиз. С.Садиров.
Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 апрелдаги “Автомототранспорт воситаларини жарима майдончасидан олиб чиқиш юзасидан Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига электрон мурожаат қилишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги 208-сонли қарори эълон қилинди. Қарорга мувофиқ, мазкур давлат хизматини кўрсатиш бўйича ваколатли орган сифатида Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари белгиланган. Фуқаролар ушбу давлат хизматидан қуйидаги усуллар орқали фойдаланишлари мумкин:
— ЯИДХП (my.gov.uz);
— Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг мобиль иловаси;
— Давлат хизматлари марказлари.
ЯИДХП (my.gov.uz) ёки мобиль илова орқали давлат хизматидан фойдаланиш учун ариза берувчи шахс электрон сўровномани тўлдиради. Унда кўрсатилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги автоматлаштирилган ахборот тизимлари орқали аниқланади.
Ваколатли орган аризани кўриб чиқиш жараёнида автомототранспорт воситасини жарима майдончасига жойлаштириш сабаблари ва уни ушлаб туриш асослари бартараф этилганлиги ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда қарор қабул қилинганлигини текширади.
Ариза кўриб чиқилиб, белгиланган ҳолатлар тасдиқланган тақдирда, автомототранспорт воситасини жарима майдончасидан олиб чиқиш мумкинлиги ҳақидаги хабарнома ариза берувчига ЯИДХП ёки мобиль илова орқали бир иш куни ичида юборилади.
Тўрабек ХОЛБЎТАЕВ,
Зомин туман адлия бўлими
давлат хизматлари маркази катта мутахассиси.