Тўмарис авлодлари

Бугунги кунда хотин-қизларимизнинг ватан ҳимояси йўлида хизмат қилаётгани эътирофга лойиқ. Улар юртимиз сарҳадларини йигитлар билан бир сафда туриб қўриқламоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари тизимида фаолият юритаётган аёл ҳарбий химатчилари Зомин туманида “Тўмарис авлодлари–2024” кўрик-танловининг саралаш босқичида баҳслашишди.

Унда  Жиззах шаҳар, Зомин тумани ва Самарқанд вилоятидан   келган Тўмариc издошлари иштирок этди. Олти шартдан иборат танлов мақсади чегара соҳасида хизмат қилаётган истеъдодли, зукко, ҳарбий тайёргарлиги юқори бўлган хотин-қизларни аниқлашга қаратилди. Унда иштирокчиларнинг нафақат ақлий салоҳияти, балки жисмоний эпчилликлари ҳам синовдан ўтказилди. Кўрикда Ватанимизни шарафловчи шеърлар айтилди, қўшиқлар куйланди, жиноятчиликка қарши курашишга ундовчи саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Биламизки, ДХХ Чегара қўшинларида хизмат қилиш учун жисмонан бақувват, ақлан етук ҳамда чуқур билим эгаси бўлиш лозим. Айнан ҳарбий хизматчи аёлларнинг мазкур шарт бўйича билимлари синаб кўрилди. Савол-жавоб йўналишида ўтган шартда иштирокчиларга ҳарбий, тарихий, сиёсий ҳамда географик йўналишларга оид саволлар берилди. Бешта шартдан намунали ўтган иштирокчилар пазандалик йўналишида ҳам ўз маҳоратини кўрсатди.

Натижаларга кўра, танловнинг саралаш босқичида 3-ўринни Жиззах шаҳрида жойлашган ҳарбий қисм иштирокчиси Шоҳсанам Бекмуротова  қўлга киритган бўлса, 2-ўрин Зомин туманидан қатнашган Гавҳар Абдуллаевага насиб этди. Фахрли 1-ўринни Самарқанд вилоятидаги ҳарбий қисмда хизмат қилаётган Кумуш Бахрон қизи эгаллади.

 

Муҳаммаддавид ШАКИРОВ,

 катта сержант.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *