Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш ва ташаббусларини рағбатлантириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ана шундай эзгу ишлардан бири Ғаллаорол туманида ҳам ўз ифодасини топди.
Тумандаги Ёшлар марказида қўшимча ўқув бинолари ҳамда замонавий талаблар асосида ташкил этилган “24/7 Ёшлар сайилгоҳ кўчаси”нинг фойдаланишга топширилгани туман аҳолиси учун чинакамига совға бўлди.
Ғаллаоролликларнинг таклиф ҳамда эҳтиёжларидан келиб чиқиб, Ёшлар дафтари жамғармаси маблағлари ҳисобидан қарийб 950 миллион сўм маблағ эвазига барпо этилган мазкур масканда билим олишга бўлган шароитлардан ташқари, бепул Wi-Fi, янги турмуш қурган ёш оилалар учун фотосессия ва замонавий ландшафт асосида махсус ҳудуд ташкил этилди.
– Ёшлар маркази 3,5 миллиард сўм маблағ эвазига барпо этилган ва 2025 йилнинг 3 декабрь куни фойдаланишга топширилган эди, – дейди Ёшлар ишлари агентлигининг Ғаллаорол туман бўлими бошлиғи Жамшид Норбеков. – Марказда жами 11 та илм-фан ва касб-ҳунарга ўқитиш хоналари, шунингдек, туман Ахборот-ресурс маркази фаолият юритмоқда. Марказ ўз фаолиятини бошлаган илк даврларда 200 нафар ёшни қамраб олган бўлса, бугунги кунга келиб мазкур кўрсаткич 1000 нафардан ошди. Бу эса ёшларнинг билим олиш, касб-ҳунар ўрганишга бўлган қизиқишлари кун сайин ортиб бораётганидан далолатдир. Янги қўшимча тўртта ўқув биноларида ёшларга билим олишлари учун барча зарур шароитлар яратилган.
Бу каби эзгу ташаббуслар кўплаб ҳудудларда давом этмоқда. Буларнинг барчаси келажак авлоднинг замонавий касбларни эгаллаши, иқтидорини намоён қилиши ҳамда юрт равнақи йўлида ишонч билан қадам ташлаши учун амалга оширилаётир.
Шаҳноза МАНСУРОВА.