“Ўзбекистон —2030” стратегияси
Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати борасида олиб борилаётган ишлар кўлами тобора кенгаймоқда. Стратегияда кўрсатилганидек, маънан ва руҳан соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш бугуннинг муҳим вазифаларидан бири.
Стратегияда ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва ишсизлик даражасини камайтиришга эришиш, республикамизда 400 минг нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва муаммоларини ҳал этишга эришиш, йигит-қизларнинг ишсизлик даражасини 14 фоиздан 11 фоизга камайтириш белгиланган. Бу борада воҳамизда ҳам қатор ишлар амалга оширилаяпти.
Фориш туманидаги Ойбек маҳалласида “Ёшлар дафтари”да 48 нафар ўғил-қизлар рўйхатга олинган бўлиб, 17 нафари замонавий касблар ва ахборот технологияларига ўқитилмоқда. Уларнинг 14 нафари хорижий тилларга ўқишга йўналтирилди, етти нафарига шартнома тўлови тўлаб берилган.
—Маҳалладаги рўйхатга киритилган ёшлар билан фаол ишланмоқда, —дейди туман ҳокими ёрдамчиси Жамшид Эшмурадов. —Уларнинг беш нафарига субсидия асосида асбоб-ускуналар олиб берилиб, бандлиги таъминланди. Беш нафари сафарбарлик чақирувига йўналтирилиб, ҳар бирига 6 млн. 675 минг сўмдан тўлов бадали тўланди. Маҳаллада ўтган йили 27 нафар ёшларга имтиёзли кредит асосида асбоб-ускуналар берилиб, улар иш билан таъминланди.
Аббос Холбоев 2022 йилда ”Ёшлар дафтари”га рўйхатга киритилган. У дастлаб дадаси Аъзам аканинг ёнида юриб, пойтахтда иш ўрганиб қайтди. Уч йил алюмин профилдан эшик-дераза ромлари ясаш цехида меҳнат қилди. Касбга меҳр қўйиб, тажрибасини оширишга уринди.
—Пойтахтда 13 йил ишладим, ўғлим ёнимда 3 йил иш ўрганди, — дейди ёш тадбиркорнинг дадаси Аъзам Эргашев. — Бир куни ўғлим “Дада, шу цехни ўзимизда очсак бўлмайдими?”, деб қолди. 2023 йилнинг март ойида туманимизда алюмин профилдан эшик-дераза ромлари ясаш цехини ташкил қилишга эришдик. Албатта, бунинг меҳнати, машаққатлари кўп бўлди. Бошланишига Халқ банкидан 33 млн. сўмлик кредит олдик. Бу маблағга жиҳозлар, хом ашё харид қилдик, хуллас, олинган кредитни керакли мақсадларга йўналтирдик. Ҳозирча асосий харидорларимиз маҳаллий аҳоли бўлиб, уларнинг буюртмасига асосан эшик-дераза ромлари ясаймиз. Худога шукур, насибага яраша ризқимизни териб юрибмиз. Цехимиз очилганидан буён 200 га яқин буюртма олдик. 50-60 млн.сўмдан ошиқ даромад қилдик. Ҳозир топаётган маблағимизни кредитни ёпишга ва рўзғорга сарф қилаяпмиз.
—Юртимизда ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга катта эътибор берилаяпти, — дейди ёш тадбиркор Аббос Холбоев. — Президентимиз 2024 йилни Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилганлари бизни янада руҳлантириб юборди. Бу имкониятлардан унумли фойдаланган ёшлар албатта ўз фаолиятини бошлаб олишяпти. Туманимизда ҳам тадбиркорларга кенг йўл очилган. Ҳеч қандай тўсиқ, муаммо йўқ. Ёшларга имтиёзли равишда кредитлар ажратилаётир, буни керакли йўналишда сарфлаш жуда муҳим. Ҳозирда тушган фойдани кредитга тўлаб ишлаб келаяпмиз, худога шукур, ишимиз ёмон эмас. Келажакда цехни янада кенгайтириб, пластмасса билан ишлашни ҳам йўлга қўймоқчимиз. Шунда ювиниш кабиналарининг ойнали, сурмали шакллари, зиналар ишлаб чиқаришни амалга ошириб, йўналишимизни кенгайтиришга муваффақ бўламиз.
Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.