МАҚСАДИМ ОЛИМПИАДА ЧЕМПИОНИ БЎЛИШ

Спорт тарихида шундай истеъдодлар бўладики, уларнинг муваффақияти нафақат шахсий меҳнат, балки туғилиб ўсган юртининг ғурурига ҳам айланади. Ўзбекистон боксининг ёш ва истиқболли вакилларидан бири, супер оғир вазн тоифасида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган Жаҳонгир Зокиров ана шундай спортчилардан биридир. Жиззах заминида вояга этган боксчининг бугунги ютуқлари унинг келажакда жаҳон профессионал боксида ҳам катта из қолдириши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Жаҳонгир Зокиров 2003 йил 17 май куни вилоятимизнинг Шароф Рашидов туманида туғилган. Бўйи 198 сантиметр бўлган спортчи супер оғир вазн (+92 килограмм) тоифасида жанг қилади. Боксга бўлган қизиқиши болалик йилларидаёқ шаклланган. Унинг илк мураббийи отаси Лазизбек Зокиров бўлиб, айнан оиладаги спорт муҳити Жаҳонгирнинг катта ринг сари дадил қадам ташлашига замин яратди. 2015 йилдан бошлаб у Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси сафида халқаро мусобақаларда қатнаша бошлади.

Жаҳонгирнинг истеъдоди қисқа вақт ичида халқаро майдонларда намоён бўлди. У 2021 йилда 19 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида олтин медальни қўлга киритиб, дунё бокс мутахассисларининг эътиборини тортди. Орадан кўп ўтмай, кетма-кет 2022-2023 йилларда 22 ёшгача бўлган боксчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди ҳамда 2 карра Осиё чемпиони бўлди. Бу ғалабалар унинг тасодифий эмас, балки пухта тайёргарлик ва тинимсиз меҳнат маҳсули эканини у яна бир бор исботлади.  2025 йилда Буюк Британиянинг Ливерпул шаҳрида ўтказилган бокс бўйича жаҳон чемпионатида кумуш медальни қўлга киритиб, Ўзбекистон терма жамоасининг энг ишончли вакилларидан бирига айланди.

У ҳаваскор бокс билан бир қаторда профессионал рингда ҳам ўзини синаб кўрмоқда. Профессионал фаолиятини 2023 йилда АҚШда муваффақиятли бошлаган Жаҳонгир бугунги кунга қадар ўтказган жангларида мағлубият нималигини билмаяпти. Жорий йилнинг июнь ойида Лас-Вегасда ташкил этилган “ZUFFA BOXING” турнирида америкалик Зачари Спиллерни иккинчи раунддаёқ техник нокаут эвазига мағлуб этиб, мухлислар эътиборини яна бир бор ўзига қаратди.

Жаҳонгирнинг юксак натижалари ҳукуматимиз томонидан ҳам муносиб эътироф этилди. Жорий йилнинг 29 июнь куни Президентимизнинг фармонига биноан Ж.Зокиров иқтидорли ёшларга бериладиган Ўзбекистон Республикасининг нуфузли “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди.
— Менга берилган ушбу давлат мукофоти ишончимни янада мустаҳкамлаб, олдимдаги юксак мақсадлар сари масъулият билан интилишимга куч бағишламоқда. Рингга чиққанимда хаёлимда фақат битта мақсад бўлади,  Ўзбекистон байроғини халқаро ареналарда баланд ҳилпиратиш. Ҳар бир ғалабам ортида мураббийларимнинг фидокорона меҳнати, ота-онамнинг дуоси ва халқимизнинг ишончи мужассам. Мени қўллаб-қувватлаётган барчага миннатдорлик билдираман. Олдимдаги энг катта мақсад, янада пухта тайёргарлик кўриб, ўз вазн тоифамда Олимпиада ва жаҳон чемпионлигини қўлга киритиш ҳамда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишдир — дейди Жаҳонгир Зокиров.

Худойберди ЗИЁТОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *