ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ЗАРБДОРИ

Илгари фақат қишлоқ хўжалиги билан тилга олинган кўплаб ҳудудлар бугун саноат, тадбиркорлик, замонавий инфратузилма, таълим ва спорт соҳаларида ҳам янги қиёфа касб этмоқда. Ана шундай ўзгаришлар марказидаги туманлардан бири — Зарбдор.

Биз тумандаги ўзгаришларни рақамлар эмас, аввало, бунёдкорлик суръатида ҳис этдик. Қурилиш майдонлари, янги ишлаб чиқариш қувватлари, реконструкция қилинаётган ижтимоий объектлар, янгиланган йўллар — буларнинг барчаси бир мақсадга, яъни аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

МАҲСУЛОТ ЕТИШТИРИШ, ҚАЙТА ИШЛАШ ВА ЭКСПОРТ — ЯГОНА ЗАНЖИР

 “Ютуқ майдони” фермер хўжалигида амалга оширилаётган янги лойиҳалар юзлаб янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилмоқда.

“Тараққиёт” МФЙ ҳудудида фаолият юритаётган “Ютуқ майдони” фермер хўжалиги кейинги йилларда уруғчилик, сув тежовчи технологиялар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида амалга ошираётган лойиҳалари республика миқёсида ҳам эътибор қозонмоқда.

2015 йилда 100 гектар майдонда ташкил этилган фермер хўжалиги бугунги кунда ўз фаолиятини 450 гектаргача кенгайтирди. Хитойдан жалб қилинган 1 млн АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция ҳисобидан замонавий пахта тозалаш заводи барпо этилди. Бунинг натижасида 115 нафар аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлди.

Айни пайтда хўжаликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашга қаратилган яна бир йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. 1,2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция эвазига замонавий технологик ускуналар ўрнатилиб, мош ва бошқа дуккакли экинларни тозалаш, саралаш ва қадоқлаш йўлга қўйилиб, тайёр маҳсулотни ташқи бозорларга экспорт қилиш режалаштирилган.

Лойиҳа доирасида 300 дан ортиқ фермер хўжалиги билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун барқарор бозор шакллантиришга хизмат қилади. Янги ишлаб чиқариш тармоғи ишга тушгач, яна 100 нафарга яқин фуқаро доимий иш билан таъминланади.

— Қишлоқ хўжалигида юқори натижага эришишнинг асосий омили илм-фан, замонавий технология ва инновацияларни ишлаб чиқариш билан уйғунлаштиришдир, — дейди фермер хўжалиги раҳбари Олимжон Тоштемиров. — Бугун бунинг учун барча шарт-шароитлар яратилган. Энг муҳими, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш даркор.

Фермер хўжалиги яқин келажакда 300–400 бош юқори маҳсулдор, гўштбоп наслли қорамол олиб келиш бўйича шартномалар имзолаган. Лойиҳанинг дастлабки босқичида гўшт етиштириш, кейинги босқичларда сутчилик тармоғини йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Чорвачилик учун мустаҳкам озуқа базасини шакллантириш мақсадида 90 гектар майдонга силосбоп маккажўхори экилган. Майдонга экилган илмий селекция асосида яратилган бу навлар 3,5–4,2 метр баландликкача ўсиб, гектаридан 70-120 тоннагача ҳосил олиш имконини бермоқда.

Фермер хўжалигида амалга оширилаётган бундай лойиҳалар қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштиришдан тортиб уни қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспортгача бўлган яхлит қиймат занжирини шакллантиришга хизмат қилади.  

ЧОРВАДОРЛАР – ЯНГИ БОЙЛАР 

Президентимизнинг 2026 йил 12 майдаги “Чорвачилик тармоғи ва яйлов хўжалигини замонавий бошқарув тизими ва янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра Зарбдор тумани чорвачиликка ихтисослаштирилган ҳудудлар қаторига киритилди.

Ҳудуднинг табиий иқлим шароити ва озуқа базаси ангус, симментал, голштин-фриз, герефорд ҳамда бошқа юқори маҳсулдор чорва зотларини парвариш қилиш учун қулай ҳисобланади.

Ҳозирда қорамоллар бош сонини кўпайтириш, қўйчилик, паррандачиликни кенгайтириш борасида тизимли ишлар олиб борилаётир.

– Туманда 120 та чорвачилик фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Ҳар бир фермер хўжаликда 100 дан 5000 тагача наслдор чорва боқилади. 2500 нафар аҳолининг бандлиги таъминланган, – дейди Зарбдор тумани Қишлоқ хўжалиги бўлимининг чорвачиликда наслчилик устидан давлат назорати инспектори Бобур Бойқулов. – Германия, Австрия, Россия ва Қирғизистондан наслдор қорамоллар келтирилган. Уларнинг генетик салоҳиятини маҳаллий чорвачиликда кенг қўллаш ишлари амалга оширилмоқда. Ана шундай сермаҳсул чорванинг ҳар биридан 1 тоннагача гўшт олинади. Гўшт маҳсулотлари вилоятимиз билан бир қаторда республикамизнинг ички бозорларига етказилаётир. Шунингдек, 2 та хўжаликда Мўғулистондан юқори маҳсулдор “Баяд” зотли 7 минг бош наслдор қўй олиб келиниши кутилмоқда.

ПАХТАДАН ТАЙЁР ХОМАШЁ ЭНДИ ЎЗИМИЗДА

Пахтачиликда юқори ҳосил олишнинг ўзи етарли эмас. Уни чуқур қайта ишлаш, қўшимча қийматга эга маҳсулот тайёрлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш бугунги иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Бу борада истиқболли лойиҳалардан бири «Шарқ юлдузи» МФЙда жойлашган «Миллий оқ олтин агро» корхонаси бўлиб, у жорий мавсумдан иш фаолиятини бошлади. Лойиҳа «Миллий оқ олтин агро» МЧЖ қўшма корхонаси томонидан Хитой инвестициялари жалб этилган ҳолда амалга оширилди. Корхона фаолияти учун зарур хомашё базасини яратиш мақсадида 3200 гектар майдонда шинжон технологияси асосида қўшқатор усулда, томчилатиб суғориш тизими жорий этилган ҳолда пахта етиштирилди.

Жорий йилги пахта ҳосили йиғиб олингач, етиштирилган хомашё бевосита мазкур корхонага етказиб берилади. Бу ерда пахта замонавий технологиялар асосида қайта ишланиб, чигитдан ажратилади ҳамда ип-калава ишлаб чиқариш учун зарур бўлган пахта толаси тайёрланади. Корхонада суткасига 450–500 тоннагача пахтани қайта ишлаш имконияти мавжуд.

Тайёр маҳсулот ташқи бозорга йўналтирилиб, Хитойга экспорт қилиниши режалаштирилган.

Лойиҳанинг кейинги босқичларида 10 гектар майдонда янги ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилиб, пахта чигитидан ёғ ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.  

ПИЁДАЛАР ЙЎЛАГИ – ХАВФСИЗЛИК ҲУДУДИ

Туманда айни пайтда 3 та маҳаллада умумий узунлиги 1,3 километр бўлган соғломлаштириш пиёдалар йўлаклари қурилиши якуний босқичга етди.

Замонавий талаблар асосида барпо этилаётган мазкур йўлаклар бўйлаб аҳоли дам олиши учун ўриндиқлар ўрнатилмоқда, ҳудуд эса энергия тежовчи қуёш панеллари орқали ишловчи ташқи ёритиш чироқлари билан жиҳозланган. Шу билан бирга, оғир тоифага кирувчи Навбаҳор, Адиробод, Янгикент ва Оқбулоқ маҳаллаларида ҳам ҳар бири ўртача 600 метрдан иборат пиёдалар йўлаклари қурилаяпти. Мазкур лойиҳалар аҳоли учун хавфсиз ҳаракатланиш муҳитини яратиш, маҳаллалар ободлигини ошириш ва соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

ЙЎЛ АЗОБИ УНУТИЛДИ

Жорий йилда туманнинг бир қатор маҳаллаларида ички йўлларни яхшилаш ишлари амалга оширилди. Хусусан, бешта маҳаллада умумий узунлиги 14 километр 730 метр бўлган ички йўллар шағаллаштирилди.

— Айни пайтда Навбаҳор маҳалласида қўшимча бир километр ички йўлни асфальтлаш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, кейинги босқичда умумий узунлиги 27 километр 386 метр бўлган ички йўлларда шағаллаштириш, асфальтлаш ва жорий таъмирлаш ишлари бажарилади. Бу ишлар тумандаги 18 та маҳаллани қамраб олади, — дейди Зарбдор туман йўллардан фойдаланиш корхонаси директори Сардор Мамаюсупов.

Шунингдек, давлат аҳамиятига эга автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ишлари ҳам бошланди. Жумладан, D-060 автомобиль йўлининг 14 километр ҳамда D-058 автомобиль йўлининг 19 километр қисмида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур кенг кўламли лойиҳалар Президент ташаббуси билан Зарбдор туманига Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан ажратилган 8 миллион АҚШ доллари эвазига амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида туманда жами 121 км ички автомобиль йўлини тўлиқ реконструкция қилиш режалаштирилган. Бу ишлар мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги байрамига қадар тўлиқ якунланади.

ЯНГИЛАНАЁТГАН МАНЗИЛЛАР

Туманда Президентнинг драйвер лойиҳалари доирасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари янги босқичга кўтарилди. Хусусан, Равот маҳалласи ҳудудида жойлашган “Умид” болалар истироҳат боғи бугун мутлақо янги қиёфа касб этмоқда. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун қарийб 10 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

Боғ ҳудудида ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларнинг замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаши учун “Ёшлар маркази” ҳамда IT Park барпо этилди. Замонавий талаблар асосида қурилган IT Park бир вақтнинг ўзида 400 нафар ёшни қамраб олиш имкониятига эга. Бу ерда ёшлар ахборот технологиялари, дастурлаш, рақамли касблар ва инновацион лойиҳалар бўйича билим олиб, ўз ғояларини амалиётга татбиқ этиш имкониятига эга бўлади.

Ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш мақсадида ҳудудда 1 миллиард сўм маблағ эвазига замонавий кутубхона қурилиши ҳам режалаштирилган. Истироҳат боғида замонавий амфитеатр барпо этилди, ҳудуд тўлиқ ободонлаштирилди. Шунингдек, боғни туман маркази билан боғловчи 3,5 километрлик пиёдалар йўлаги қурилиши якунланиш арафасида.

Туман марказида хизмат кўрсатиш ва тадбиркорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда икки ҳудудда замонавий 24/7 кўчалар ташкил этилди. Шунингдек, “Ойбек” МФЙ ҳудудида 50 та янги савдо объекти қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда.

СПОРТСЕВАР ЁШЛАРГА — ЗАМОНАВИЙ СПОРТ ШАҲАРЧАСИ

Президент раислигида жорий йилнинг 7 апрель куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янада ривожлантириш ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида Зарбдор туманида спорт инфратузилмасини яратиш борасидаги ютуқлар алоҳида қайд этилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, ўтган йил давомида тумандаги 23 та маҳаллада яшовчи 34 минг нафар ёш оммавий спорт ҳаракатига жалб этилди. Шунингдек, стол тенниси, таеквондо ва волейбол йўналишларига ихтисослаштирилган учта янги спорт зали, иккита усти ёпиқ футбол майдони ҳамда замонавий фитнес клуби фойдаланишга топширилди.

Ушбу натижалар давлатимиз раҳбари томонидан юксак баҳоланиб, Зарбдор тажрибасини ўрганиш ва уни республика бўйлаб кенг татбиқ этиш вазифаси белгиланди. Бу эса туманда амалга оширилаётган ишлар мамлакат миқёсида намунавий модел сифатида эътироф этилганини кўрсатади.

Туманнинг Навоий маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган Олимпия спорт шаҳарчаси бунинг яққол ифодасидир. Мажмуа таркибида халқаро талабларга жавоб берадиган футбол майдони, теннис ва волейбол майдонлари, кураш мажмуаси, футзал мажмуаси, замонавий сузиш бассейни, сув иншооти ҳамда аҳоли учун кенг дам олиш ҳудуди ташкил этилиши режалаштирилган.

Айни пайтда фойдаланишга топширилган стол тенниси зали ва замонавий падел спорт майдончаси юздан зиёд ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун қулай имконият яратмоқда.

ЯНГИ МАКТАБЛАР — КЕЛАЖАККА ҚЎЙИЛГАН МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОР

Туман аҳолиси қарийб 98 минг нафарга етган. 15 ёшгача бўлган ёшлар сони 34 минг нафардан зиёд бўлиб, бу аҳолининг учдан бир қисмини ташкил этади. Демак, таълим муассасаларига бўлган эҳтиёж йил сайин ортиб бормоқда.

Шу боис “Шодлик” маҳалласи Ниҳол массивида 330 ўринли замонавий умумтаълим мактаби қурилиб, жорий ўқув йилида фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Янгиҳаёт маҳалласидаги 8-мактаб ҳудудида 200 ўринли қўшимча бино, 29-мактабда 368,6 квадрат метрли замонавий спорт зали, Шарқ юлдузи маҳалласидаги 11-сонли ДМТТда 100 ўринли қўшимча бино фойдаланишга топширилди.

 ЗАРБДОРДА ҲАР БИР ЛОЙИҲА ИНСОН МАНФААТИГА ХИЗМАТ ҚИЛИШИ КЕРАК

Зарбдор туманига қилган хизмат сафаримизда туман ҳокими билан суҳбатлашиш ниятида ҳокимликка йўл олдик. Бироқ, уни хизмат хонасидан топа олмадик. Туман ҳокими билан қурилиш кетаётган объектлардан бирида учрашдик. Зич иш режасига қарамай, у бизга вақт ажратди. Суҳбат давомида туманда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, аҳоли турмуш сифатини яхшилашга қаратилган ишлар ва истиқболдаги режалар ҳақида қисқача тўхталиб ўтди. “Қурилаётган ҳар бир объект оддий иншоот эмас, балки инсонлар ҳаёти сифатига хизмат қиладиган муҳим инвестицияга айланиши керак. Зарбдор тараққиётининг энг муҳим мезони ҳам ана шу” – суҳбатимизнинг асосий мазмуни мана шу фикрларда жам бўлди.

—Президентимиз раҳнамолигида қабул қилинаётган қарорлар ва давлат дастурлари ижроси доирасида туманимизда муҳандислик-коммуникация тармоқларини янгилаш, ижтимоий инфратузилмани мустаҳкамлаш, таълим, соғлиқни сақлаш, коммунал хизматлар ва йўл соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Биз учун муҳим мезон — ҳар бир лойиҳанинг натижасини аҳоли ўз ҳаётида ҳис қилиши, ҳар бир маҳаллада яшаш шароитларининг янада яхшиланишидир, – дейди туман ҳокими Бекзод Ташпулатов.

Туман раҳбарининг таъкидлашича, белгиланган режага мувофиқ, 2026 йил якунига қадар Зарбдор туманида тупроқ йўллар тўлиқ бартараф этилиб, аҳоли яшаш ҳудудлари асфальт ва шағал қопламали замонавий йўллар билан таъминланади.

Президент ташаббуси асосида тумандаги тўртта оғир маҳалла ҳамда «Янги Ўзбекистон» қиёфасида барпо этилаётган икки маҳаллага 10 миллиард сўмга яқин маблағ йўналтирилиб, электр тармоқлари тўлиқ янгиланиб, маҳаллалар видеокузатув тизимлари билан жиҳозланаяпти. Мактаб ва мактабгача таълим муассасалари бинолари энергия тежовчи базальт қопламаси билан изоляция қилиниб, уларнинг энергия самарадорлиги оширилмоқда. Бюджет маблағлари ҳисобидан олтита масжидда таҳоратхоналарни реконструкция қилиш, ҳудудларни девор билан ўраш ҳамда ободонлаштириш ишлари олиб борилаётир.

Ҳокимнинг маълум қилишича, 2026–2027 йилларда туман марказидаги тўртта маҳаллада замонавий канализация тизимини барпо этиш бўйича йирик инфратузилма лойиҳаси амалга оширилади. Қиймати 44,5 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳа доирасида 13,2 километр янги тармоқ, насос станцияси ҳамда оқова сувларни тозалаш иншооти қурилади. Айни пайтда лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланмоқда. Лойиҳа якунлангач, қарийб 50 минг нафар аҳоли замонавий коммунал хизматлардан фойдаланиш имконига эга бўлади.

Мустақиллик йилларида бошланган кенг қамровли ислоҳотлар бугун Янги Ўзбекистон ғояси асосида янада изчил давом этмоқда. Зарбдорда амалга оширилаётган лойиҳалар эса шу ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди: Ватан тараққиёти, аввало, ҳудудлар тараққиётидан, ҳудудлар тараққиёти эса инсон манфаатига хизмат қиладиган аниқ ва амалий ислоҳотлардан бошланади.

Шаҳноза МАНСУРОВА.

Ботир ҚУДРАТОВ олган суратлар.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *