ҒЎЗА ПАРВАРИШИДА ҚИЗҒИН ДАМЛАР

Шароф Рашидов тумани фермерлари жорий йил 7100 гектар майдонга қадалган чигитдан 35200 тоннага яқин сифатли “оқ олтин” етиштиришни режалаштиришган.

Маррани баланд олган пахтакорлар август ойидаги агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши ҳосил тақдирини ҳал қилишини жуда яхши билишади. Зеро, ғўзанинг баравж ривожланиши айнан шу даврда олиб борилган ишлар самарадорлигига бевосита боғлиқ.

“Ҳамид Олимжон” сув истеъмолчилари уюшмасига қарашли “Азамат” фермер хўжалиги далаларини кезар эканмиз, аномал иссиқ ҳароратда ғўза парвариши билан боғлиқ ишлар тўхтовсиз давом этаётганига гувоҳ бўламиз.

Бу мавсум 25 гектар майдонга “Хитой-57” хорижий нави қўшқатор усулида экилди. Хўжалик раҳбари Азамат Болибековнинг айтишича, ушбу нав серҳосиллиги, эртапишарлиги ҳамда маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига яхши мослашувчанлиги билан ажралиб туради. Далада айни пайтда биринчи суғориш ишлари якунланган. Ғўзанинг озуқага бўлган эҳтиёжини ўз вақтида қондириш ҳамда зараркунандаларга қарши самарали курашиш мақсадида барглар уч марта минерал ва органик ўғитлар билан озиқлантирилди. Айниқса, хўжаликда жорий этилган томчилатиб суғориш тизими сув ва вақтни тежаш, меҳнат унумдорлигини ошириш ҳамда ғўзанинг барқарор ривожланишини таъминлаётгани билан аҳамиятлидир.

Жамоа бу йил ҳар гектардан 60 центнердан, жами 125 тоннага яқин ҳосил олишни режалаштирган. Шу мақсадда ғўза парваришида зарур агротехник тадбирлар сифатли олиб борилиб, мўл ҳосилга замин яратилмоқда.

Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото ть).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *