УНИВЕРСИТЕТДА ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ МАРКАЗИНИНГ КИЧИК МОДЕЛИ

“Рақамли Ўзбекистон-2030” доирасида давлат секторига кирувчи хизматларнинг онлайн тарзда кўрсатилаётгани фуқароларга жуда катта енгиллик яратмоқда. Худди шу қулайлик Жиззах давлат педагогика университетида фаолият кўрсатаётган Регистратор офисида ҳам мавжуд. Республикада биринчилардан бўлиб ташкил этилган Регистратор офиси университет бош биносида жойлашган бўлиб, бугунги кунда 35 та хизмат онлайн ва офлайн тарзда кўрсатилаяпти. Талабалар, уларнинг ота-оналари, профессор-ўқитувчилар ҳамда фуқаролар марказга мурожаат қилиб, олий таълимдаги жараёнлар билан боғлиқ мурожаатларига жавоб олишлари мумкин.

-Регистратор офиси хизмат кўрсатиш ва маълумотлар базаси бўлимларидан иборат, – дейди марказ бошлиғи Аъзам Авазов. – Хизмат кўрсатиш бўлимида талабалик гувоҳномаси, ўқув варақаси, ўқиш жойидан маълумотнома, академик маълумотнома, дарс жадвали, давомат ва ўзлаштиришга оид маълумотлар, тўлов-контракт шартномалари, талабалар турар жойларига ариза бериш ҳамда айланма варақаларни бериш каби 35 турдаги ҳужжатни рақамлаштирган тарзда мурожаатчиларга етказилади. Олий таълим даргоҳига ҳужжат топширишдан тортиб то битириш жараёнига қадар содир бўладиган барча амалиёт ҳақида маълумот олиш ва хизматлардан фойдаланиш мумкин. Бунинг учун ижтимоий тармоқларда махсус бот ташкил этилган. Натижада бошқа корпусларда ўқийдиган талабалар ёки уларнинг ота-оналари офисга келиб ўтирмасдан бот орқали саволларини йўллашлари ва унга қисқа вақтда жавоб олишлари мумкин. Бунинг учун 12 нафар оператор хизмат кўрсатади. Мурожаатларга шу онлаёқ жавоб қайтарилади. Ўрганиш ёки маълумотларни таҳлил қилиш, бошқа ОТМларга сўров юбориш орқали жавоб топиладиган мурожаатларга уч иш кунигача бўлган муддатда ечим топиш белгиланган.

Маълумотлар базаси секторида талабаларнинг умумий статистикаси, ўқув жараёни, давомат, якуний ва оралиқ назорат жадваллари каби умумий маълумотлар жамланади. Бу маълумотлар университетдаги иш жараёнини бир жойда жамлаш ва ҳар бир кўрсаткич бўйича аниқ статистик ҳисоб-китоб юритиш, пировардида иш жараёнининг сифатли ташкил этиш, келажак режаларни тўғри йўналтириш имконини беради. Вазирлик ёки турли идоралар сўровига ҳам ушбу базада ишланган маълумотлар орқали жавоб берилади. Натижада деканат ёки бошқа бўлимлар ходимларининг иш вақти турли сўровларга жавоб беришга сарфланмайди. Бу ерда 30 га яқин хизмат турлари кўрсатилмоқда. Сўровларга E-ijro ёки Arxiv иловаси орқали жавоб берилади. Техник носозлик ёки узоқ муддатли электр энергиясидан узилиш кузатилса, 3 соатгача сервер автоматик ишлаб туради. Жами 26 нафар тажрибали, хорижий тилларни эгаллаган ва чет давлатларда малака оширган ходимлар жамоаси ушбу замонавий хизмат кўрсатиш марказида банд.

Регистратор офисда бир кунда 300 тагача мурожаат келиб тушар экан. Бу эса ушбу замонавий тузилманинг ҳақиқатда самарадор ва халқчил эканини кўрсатади. Шунингдек, хизматлар турларини кенгайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, Олий таълим, фан ва иннвоциялар вазирлигига тақдим этилган.

 

 

 

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *