МАҲАЛЛАЛАР РИВОЖИ ВА ХАЛҚ МАНФААТИ ЭЪТИБОР МАРКАЗИДА

Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг еттинчи чақириқ ўттиз тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, Ёшлар парламенти аъзолари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоятдаги бошқарма ва ташкилот раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Сессияни халқ депутатлари вилоят Кенгашининг раиси Байрамбек Узоқов бошқариб борди. Кенгаш раиси депутатларни кун тартиби ва иш регламенти билан таништирди. 

Дастлаб “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг 2025 йил 14 январдаги “Ҳудудларни ривожлантириш ҳамда аҳоли муаммоларини ҳал этишда маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва сенаторларнинг “маҳалла еттилиги” билан ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги КҚ-35-V-сонли қарори ижроси тўғрисида”ги масала юзасидан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Соатов ва вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи Жамол Латиповнинг ҳисоботлари тингланди.

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 20 октябрдаги “Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ишончли муҳофаза қилиш соҳасини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги масала юзасидан вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, полковник Феруз Дадабаев ҳисоб берди.

Унда айтилишича, вилоят, 13 та шаҳар ва туман ҳамда 304 та маҳалланинг ҳар бири учун хавф омилларидан келиб чиққан ҳолда алоҳида “йўл харита”лари ишлаб чиқилган. 32 та кўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатувчи бошқарув сервис компаниялари билан 2574 кўп хонадонли уйлар ўрганилди.  Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 1394 та аҳоли турар жойлари, 55 146 та якка тартибдаги уй-жойларда ўрганишлар ўтказилди. Аниқланган 14 642 та камчиликларнинг 11 884 таси бартараф этилди. Ёнғин хавфсизлиги талабларини бузган 3509 нафар қоидабузарга 3 миллиард 71 миллион 48 минг сўм жарималар қўлланилган. Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва фуқаро муҳофазасини ташкил этиш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида 4 та қўмондонлик штаб ўқув машқи, 100 дан зиёд махсус тактик ва бошқа ўқув машқлари ўтказилган. Аҳоли ва ҳудудларни сел, тошқин ва кўчки хавфидан муҳофаза қилиш мақсадида 10 та ҳавфли ҳудудда назорат-кузатув постлари ташкил этилган.

Сессияда вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шавкат Артикбаев “ “Зомин” туристик-рекреацион зонаси ҳудудида тоза ҳудуд ташкил этиш ва унинг режимини жорий этиш тўғрисида”ги, “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали директорининг биринчи ўринбосари Баҳодир Холиқов “Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида аҳолини маиший эҳтиёжлар учун суюлтирилган газ ва газ баллонлари билан хавфсиз, узлуксиз ҳамда манзилли таъминлаш ҳолатини ўрганиш натижалари ва устувор вазифалари тўғрисида”ги,  Кадастр агентлиги Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Нодир Сиддиқов “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги, вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Беҳзоджон Ахмедов “Вилоят бюджетининг қўшимча манбалардан фойдаланиш тўғрисида”ги масалалар юзасидан ахборот бердилар.

Шунингдек, сессияда “Вилоятда мавжуд ва янги барпо этиладиган гастрономик ва туризм кўчаларида мулк эгаларига тегишли бино ва иншоотларга туташ ҳудудлардан ҳамда умумий фойдаланишдаги ер участкаларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (AIIB) билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда энергия самарадорлиги ва тоза энергия лойиҳаси” концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ва бошқа масалалар депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Сессия кун тартибидан ўрин олган масалалар юзасидан бщлган музокараларда сўзга чиқиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг еттинчи чақириқ  ўттиз тўртинчи сессиясидан ўрин олган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Васил ИЛЁСОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *