Пойтахтимиздаги Ўзбекистон стол тенниси федерацияси марказий спорт саройида стол тенниси бўйича 11 ёшгача бўлган болалар ўртасида мамлакат кубоги баҳслари бўлиб ўтди.
Унда республикамизнинг барча ҳудудларидан сараланган 200 нафарга яқин иқтидорли ракетка усталари яккалик, жуфтлик, аралаш-жуфтлик, жамоавий ва аралаш-жамоавий йўналишларда куч синашдилар.
Олти кун давом этган қизғин беллашувлар якунига кўра, вилоятимиз терма жамоаси вакиллари юқори маҳорат ва тезкор фикрлаш кўникмалари эвазига 2 та кумуш ва 5 та бронза медалларини қўлга киритишди. Хусусан, жуфтлик баҳсларида Жиззах шаҳридаги спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган спорт мактаби тарбияланувчилари Элноза Равшанова ва Диёра Абдурауфова кумуш медалга эга чиққан бўлсалар, аралаш-жуфтлик йўналишида худди шу мактабнинг бошқа аъзолари Нурбек Кулматов ва Бегойим Музаффаровалар шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олишди. Шунингдек, жамоавий баҳсларда Жасур Саттаров, Аслиддин Ишпулатов ва Сардор Шукуруллаевларнинг кўксини бронза медаллари безади.
Маълумот учун, 21–25 сентябрь кунлари ушбу спорт туридан U-13 ёш тоифасидаги вилоятимиз вакиллари Ўзбекистон кубоги баҳсларида ўз омадини синаб кўрадилар.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.