Бахмални “олмазор жаннат” деб ҳам аташади. Жозибадор бу ташбеҳ сайёҳларни жалб қилиш ва туман брендини мустаҳкамлаш учун ўйлаб топилган бўлса-да, ҳақиқатдан йироқ эмас. Боғдорчиликка ихтисослашган туманда етиштирилган беш юлдуз, қрим-сон, голден каби олма турлари саховатли кузнинг тўкин дастурхонидан муносиб жой эгаллайди. Бахмал туманининг географик жойлашуви ва иқлим шароити ҳудудда боғдорчилик ривожи учун анча қулай. Қолаверса, бу ерда аҳоли азалдан боғдорчилик билан шуғуллангани учун яхшигина тажриба тўпланган. Аммо ҳар соҳада янгиликлар рўй бераётган бугунги кунда боғдорчиликда ҳам янги агротехнологиялар, илғор усуллар мавжудки, уларни татбиқ қилиш орқали Бахмал олмаси довруғини янада узоқларга элтиш, дунё бозорларига чиқариш мумкин. Бугун туманда ана шундай саъй-ҳаракатлар амалга ошмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан ташкил этилган “O`zagrostar Xolding” компанияси ва унинг муассислигида 16 та ихтисослашган компаниянинг биттаси Жиззах вилояти Бахмал туманида жойлашган. Сайтимизда “Мirzacho`l Agro Star” ихтисослашган компанияси ҳақида ҳикоя қилган эдик. Навбат акционерлик тижорат “Агробанк” ташаббуси билан йўлга қўйилган, боғдорчиликнинг янги даврини бошлаб бераётган “Baxmal Agro Star” ҳақида.

“Нима янгилик қилишибди экан?” десангиз, Ўзбекистонда биринчи бўлиб ёзнинг чилласида кўчат экиб, уни кўкартирган ҳам шулар бўлади. Шу йилнинг июль ойида Франциянинг “Dalival” компаниясидан in vitro усулида етиштирилган кўчатлар олиб келиниб, кўкартирилди.

-Компаниянинг тажриба-синов участкаси 13,3 га бўлиб, Ойқор маҳалласи ҳудудида жойлашган, – дейди агроном Жаҳонгир Ҳамдамов. – Майдонни танлашдан олдин чуқур тупроқ ва сув таҳлили ўтказилди, тик артезан кудуги казилиб сув билан таъминланди, 8000 м.куб ли мембранали ҳовуз қазилиб, томчилатиб суғориш учун тармоқлар тортилди. Боғ майдони шай ҳолга келтирилгач, Франциядан келтирилган 25 000 туп “ухлатилган” кўчатлар дастлаб махсус қазилган чуқурда 48 соат сувга бўктирилди. Кўчат танасидаги намни сақлаб қолиш учун уларнинг илдиз қисми лой, тана қисми сўндирилган оҳак бн сувалди. Кўчат экиш ишлари 16-23 июль кунлари бажарилган бўлса-да, эрта кузда айримларида нишона ҳосил кўринди. Бу интенсив боғ яратиш устида қилинаётган ишларнинг тўғри йўлга қўйилганини билдиради.

2025 йил июль ойида экилган кўчатлар
Яшнаб турган олма қаторлари суғориш ва озиқлантириш ҳисобга олинган ҳолда 4 қатордан қилиб экилган. Экилган кўчатларнинг 23 400 таси тўлиқ кўкарди, тиним даврини ўтаётганлари ҳозир ҳам гуллаб турибди. Келгусида мазкур компания учун 200 га ҳудудда Агрокомплекс лойихаси буйича олма, нок етиштириш, агромактаб, агрохизмат ва агротуризм бўйича тармоқлар фаолияти йўлга қўйилади.
-Аслида Бахмал олмасининг довруғи маҳаллий миқёсда, – дейди “Baxmal Agro Star” нинг бўлим бош мутахассиси Сардор Сатторов. – Масалан, машҳур беш юлдуз нави тезда “пахта” бўлиб қолади, узоқ масофага ташишга ярамайди. Шу сабаб халқаро бозорларда бу навни учратмайсиз. Яна бир жиҳати, Бахмалда анъанавий усулда боғдорчилик қилинганда бир гектардан 10 тоннагача ҳосил олинган билан кейинги йил ҳосилдорлик кескин камайиб кетади. Илмий тилда бу “солкашлик” деб аталади. Яъни бир йил яхши ҳосил берган дарахт кейинги йил дам олади. Анъанавий дарахтларнинг бўйи ўсиб кетади, ҳосилини териб олиш ҳам ўзига яраша машаққат туғдиради. Биз таклиф этаётган илғор агроусуллар ёрдамида интенсив боғ яратишнинг афзаллиги шуки, аввало экспорт учун яхши таклиф. Парвариш қоидадагидек бўлса, ҳосилдорликни 15 йилгача узайтириб, гектаридан 30-40 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Боғдорчиликдаги бу янгиликни аҳоли, фермер хўжаликлари, томорқа эгаларига етказиш мақсадида “Хонадон мактаби” ташкил этдик. Бундай мактаб мўғоллик ташаббускор боғбон Сафар ота Назаров уйида иш бошлади.

Бахмал туманида кўчатзор ташкил қилиш лойиҳаси учун жами 35 гектар ер ажратилган бўлиб, пайвандтак кўпайтириш майдони, оналик боғи ва пайвандлаш майдонидан иборат. Олманинг “М9”, “М200”, “М26” пайвандтак майдонлари ташкил этилади. Story Inogo, Cameo, Fuji Aztec, Granny Chellenger, Galavall, Jeromine, Story Noret навлари кўпайтирилади. Туманда эскирган боғлар ўрнида янги интенсив усулдаги боғлар барпо қилинади. Ҳосилдорлик ва сифат даражаси ошади. Етиштирилган маҳсулот кафолатланган ҳолда сотиб олинади. Мавсумий ва доимий 265 та иш ўрни яратилади. Бир йилда олма етиштиришнинг ўзидан 30,5 млн АҚШ доллари фойда олиш мумкин бўлади.
Бу рақамлар чуқур ҳисоб-китоблар эвазига прогноз қилинган. Хатлов натижаларига кўра, туманда 34 та маҳаллада жами 16514 га майдонда боғдорчилик қилинаётгани аниқланди. Бир гектарда ўртача 300-500 туп дарахт экилган бўлиб, 342 га боғ эскирган. 2024 йилда Ўзбекистон бўйича 1,3 млн тонна олма етиштирилган. Прогнозларга кўра, биргина Бахмал туманида 1300 гектарга хорижий кўчат навларини экиш ҳисобига 38,5 минг тонна олма етиштириш мумкин бўлади. Чунки янги усул билан бир гектарга экиш схемасига кўра 2000-2500 кўчат экиш мумкин. Анъанавий боғларнинг 5-6 йилда ҳосилга киришини ҳам ҳисобга олсангиз, кетказилган вақт йўқотилган пуллар эканига амин бўласиз.
Хўш, “Baxmal Agro Star” аҳолига қандай хизмат кўрсатади?
-Буюртмачига Agro in vitro усулида етиштирилган кўчатлар таклиф этилади. Бундай кўчатлар ҳар-хил зараркунанда ва касалликлардан холи бўлиб, бўлғуси ҳосилнинг сифати, ҳосилдорлиги, узоқ муддат ҳосил беришига катта таъсири бор, – дейди “Бахмал Agro Star” МЧЖ раҳбари Элдор Эшаматов. – Agrolab хизмати эса кўчат сифати ва тупроқ таҳлили бўйича замонавий ечимларни тақдим этади. Яъни компания билан ҳамкорликда боғ яратаётган инсон тупроқ таҳлили натижаларига кўра қандай озуқа ва моддаларни кам ёки кўп қўллаш бўйича тавсияларга эга бўлади. Ҳозирги кунда томорқа ер эгалари, деҳқон хўжаликлари, фермер хўжаликларига олма ва нок кўчатларини экиб бериш, уларни томчилаб суғориш ва агротехник ва агроном хизматлари ташкил этилган. Шу муносабат билан Мўғол, Темирқадам, Нушкент, Ойкор маҳаллаларида томорқа ер эгаларига кўчатлар интенсив усулда экиб берилиб интенсив боглар яратилди. 10, 20, 50 сотих боғларга агроном хизматлари бепул кўрсатилаяпти. Кўчатни ўстириш, суғориш, қанча миқдорда ва қандай вақтда макро ва микроэлементлар бериш ҳақида тавсиялар берилаяпти.

Аҳолига олмачиликдаги янгиликларни етказишда хорижий мутахассиснинг ҳам хизмати катта бўлаётир. Франциялик таниқли олим-агроном Кристоф Беланже бир неча бор туманда бўлиб, семинарларда кўчат етиштириш, экиш ва парваришлаш бўйича ўз тавсияларини берди. Машҳур агроблогер Мансур Йўлдошев ҳам ўз тажрибаларини бахмаллик боғбонларга улашмоқда. “Baxmal Agro Star” MCHJ га бириктирилган туманлар – Самарқанд, Шаҳрисабз, Янгиариқ ва Хазорасп, Қува туманларида ҳам олма ва нок етиштириш бўйича янгиликларни жорий этмоқда.

2024 йилга қадар Бахмал туманида ташаббускорлар томонидан 2000 га майдонда интенсив боғлар барпо қилинган эди. Эндиликда туманнинг агротуризмга бўлган ихтисослашуви ҳам чуқурлашиб бориши кутилаяпти. Чунки аҳоли ўртасида янгиликка, унинг афзалликларига қизиқиш кучли. Бахмалнинг машҳур олмалари эндиликда Ойқор чўққиларидан ўтиб, Жамолунгма ёки Казбек этакларигача етиб бориши аниқ. Ҳамма гап ислоҳотларда, дунё трендларига мос янгиликларда.
Муқаддас САПАРОВА.
Санжар НОРБЕКОВ (фото)
