ФУҚАРОЛАРГА ҚУЛАЙЛИК — УСТУВОР ВАЗИФА

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Бахмал туман бўлимида аҳолига қулайлик яратиш, пенсия тайинлаш ва қайта ҳисоблаш жараёнларини соддалаштириш, хизматларни рақамлаштириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Айни пайтда бўлим томонидан 14 586 нафар пенсионерга хизмат кўрсатилаётган бўлиб, уларнинг 11 208 нафари ёшга доир, 1 679 нафари ногиронлик, 1 699 нафари эса боқувчисини йўқотганлик бўйича пенсия олишади.

2026 йилдан ёшга доир ва ногиронлик пенсияларини проактив шаклда, яъни фуқаронинг ортиқча ҳужжат тўплаши ёки алоҳида мурожаат қилишига зарурат қолдирмаган ҳолда тайинлаш амалиёти йўлга қўйилди. Бу борадаги ишлар натижасида бугунги кунга қадар туманда ёшга доир пенсияларни проактив тайинлаш кўрсаткичи 71 фоизга, ногиронлик пенсиялари таъминоти эса 63 фоизга етди.

Шунингдек, ногиронлик пенсиясини олувчи фуқаро пенсияга чиққанидан кейин меҳнат фаолиятини давом эттирган бўлса, ҳар икки даврда пенсиясини қайта ҳисоблаш учун ариза бериши талаб этилмайди. Бундай ҳолатларда пенсия белгиланган тартибда автоматик равишда қайта ҳисоблаб чиқилмоқда. 2027 йил 1 январдан бошлаб боқувчисини йўқотганлик пенсияларини ҳам проактив шаклда тайинлаш амалиёти жорий этилади.

Пенсия тизимида амалга оширилаётган янгилик ва ислоҳотларни аҳолига содда, аниқ ва тушунарли тарзда етказишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Бахмал туманидаги ташкилотлар, маҳалла “еттилиги”, ижтимоий тармоқлар ҳамда жамоат жойларида тушунтириш ишлари изчил олиб борилмоқда. Жумладан, пенсия ҳисоб-китобида ортиқча қоғозбозликдан воз кечилаётгани, иш ҳақи юқори чегарасининг ошиши ва ихтиёрий жамғариб бориладиган пенсия миқдорининг кўпайиши ҳақидаги янгиликларнинг мазмун-моҳияти аҳолига содда ва тушунарли тарзда етказиляпти. Бўлимимизнинг асосий мақсади ҳам фуқароларнинг пенсия таъминоти билан боғлиқ ҳуқуқ ва имкониятлари бўйича хабардорлигини оширишга қаратилган.

 Шаҳобиддин АБРАЕВ,

Бюджетдан ташкари Пенсия жамгармаси Жиззах вилояти Бахмал туман бўлими бошлиғи.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *