ҚАЛАМ ҚУРОЛГА АЙЛАНГАНДА

Таҳририят архивига кириб, 2019 йилда чоп этилган “Қандай қилиб “соғлом” бўлдим?” сарлавҳали мақоламга кўзим тушиб қолди. Унда солиқ идорасига ишга кириш учун тахланган ҳужжатлар орасида айрим турдаги ва руҳий хасталикларга чалинмаганим ҳақидаги маълумотномаларни олишдаги саргузаштларим ёзилган экан. Кулимсираб ўқидим-у ўйга толдим…

Бундан олти йил муқаддам соғломлик ҳақидаги маълумотномани олиш  ҳам осон, ҳам қийин эди. Осонлиги – муллажирингни тиббий ходимга узатасиз – бироз вақтдан сўнг казо-казо идораларнинг муҳри босилган справка қўлингизда. Қийинлиги – ўша муллажиринг бор-йўқлигида эди. Хулоса қисмида “Бу тахлит “соғлом” бўлиш яхшими ё ёмон?” деган саволни очиқ қолдирган эканман. Бугун-чи? Руҳий касалликлар шифохонасида рўйхатда турмаслик ҳақидаги ҳужжатни my.gov.uz дан юклаб олса бўлади. Аммо турли тиббий шаклдаги маълумотномаларни олиш учун тиббиёт муассасасига албатта бориш ва текширувдан ўтиш шарт. Чунки ЖШШИР рақамингиз киритилса, DMED деган тизимдан қачон, қайси муассасага, қайси шифокорга мурожаат қилганингиз ҳақидаги маълумот аниқ-тиниқ чиқиб келади.   

Коррупция шуниси билан хавфлики, ундан ҳар икки томон бирдай манфаатдор бўлади. Шунинг ҳисобига кўпинча коррупциявий ҳолат яширилади. Тиббиёт мисолида маиший коррупциянинг таноби тортилган бўлса, бошқа соҳаларда ҳам бу йўлни давом эттириш шарт. “Ким рақамлаштиришга қарши бўлса, коррупцияга шерик” деган эди Президентимиз тиббиёт тизимини ислоҳ қилишга қаратилган видеоселекторда. Дарҳақиқат, рақамлаштириш инсон омилини камайтиради, шаффофликни оширади ва фуқаролар учун тенг имкониятлар яратади. Гап ўзанидан маълумки, коррупцияга қарши кураш шакллари ҳақида мулоҳаза юритамиз.

Кўпчилик коррупция деганда пора олишни тушунади. Аслида унинг турлари, шакллари кўп: пора олиш ва бериш, манфаатлар тўқнашуви, откат, непотизм… Баъзан қайсидир қилмишнинг аслида коррупция аломатига эга эканини билмаймиз ҳам. Масалан, кронизм. У таниш-билишчилик асосида мансабга тайинлашни назарда тутади. Шу сабаб коррупциянинг фақатгина махсус ишлов берилган купюралар орқали қўлга тушириш амалиётини эмас, мана шу каби шаклларига қарши кураш ҳам оммалашиши зарур. Argos.uz  ана шу мақсадга хизмат қилади. Марҳамат, ҳужжат топширинг, тестни ечинг, суҳбатдан ўтинг – лойиқ бўлсангиз, лавозим сизники. Тизим орқали марказий, ҳудудий ва тизим ташкилотларида бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар билан уйда ўтириб ҳам танишиш мумкин. Тизим ҳақида эътирозлар ҳам йўқ эмас, аммо шу қадамнинг қўйилгани ҳам Ўзбекистон учун катта ютуқ эмасми?

Рақамлаштиришга оид яна бир ижобий кузатишимни баён қилсам. Яқиндан бошлаб Олий Мажлис қошидаги ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг ngo.gov.uz платформаси ишга тушди. Илк марта шу майдонда лойиҳа ҳужжатларини юклаган кўплаб ННТларнинг ишлари онлайн кўриб чиқилди. Ростини айтсам, шу вақтга қадар лойиҳаларни кўриб чиқиш жараёни шубҳали ва ишончсиздек туюлиб кетди менга. Чунки арзимаган 7000 сўм солиқ қарзи мавжуд (аслида кунлик пеня ҳисобига шаклланган сумма) ташкилотларнинг ҳам “Солиқдан қарзи бор” деган баҳонаи сабабда топширган аризаси ҳатто кўриб чиқилмас эди. Илк бор онлайн тарзда юборилган аризалар орасида солиқ ҳисоботларини ўз вақтида топширмагани учун суд қарори орқали 5 млн сўм жаримага тортилган ННТнинг ғолиб бўлгани ҳақидаги хабар ўша ташкилот раҳбарини, табиийки, шошириб қўйди. Демак, шу пайтгача солиқ қарзи тўғрисидаги ривоят ёлғон ёки мавжуд талаб бекор қилинган бўлиб чиқади. ngo.gov.uz сайтида танловга қанча ва қайси ташкилотлардан аризалар келиб тушгани ҳақидаги маълумотларнинг очиқ туриши иштирокчиларни хотиржамликка чорлайди. Тест режимида ишлаётган бу платформанинг янада такомиллашишидан  умидлар катта. Мазкур янгилик “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармонида аниқ қилиб белгилаб қўйилган. Яъни давлат органлари ва ташкилотлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларга тақдим этилган грант ва ижтимоий буюртма лойиҳалари ҳақидаги маълумотлар, шу жумладан, ғолиб бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг буюртма доирасида бажарган ишлари юзасидан ҳисоботлари ҳақидаги маълумотлар очиқ маълумотлар сирасига киритилади.  

Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган “Белгиланган ислоҳотларимиз қанчалик тўғри бўлмасин, тизим рақамлашмаса, кутилган натижага эриша олмаймиз”, деган фикр огоҳлик қўнғироғи сифатида барча масъулларни уйғотиши зарур. Шу сабаб бугун қайси идорага кирманг, соҳавий ва идоралараро тизимлар устида тер текаётган давлат хизматчиларининг учратиш оддий ҳолга айланди. “Ўртадаги одам” тушунчаси йўқолиб бораяпти. Электрон ҳисоб-фактура, онлайн касса аппаратлари, рақамли солиқ ҳисоботлари солиқ тўловчиларнинг солиқ идоралари фаолиятини кузатиб туришларига имкон яратди. Электрон тендер платформалари орқали харидлар очиқ ўтказиляпти. Олий таълимдаги HEMIS  тизими ҳақида ортиқча сўз шарт эмас, назаримда. Унинг қанчалик муҳимлигини, шаффофлигини талаба ва ўқитувчилардан сўраш кифоя.  

Ҳаётимиз, дунёимиз шу қадар рақамлашиб бораяпти экан, хўш, нима учун ҳамон “учинчи одам”га иши тушаётганлар, қоидаларни айланиб ўтиб, иши тезроқ битишинини хоҳловчи бесабрлар кўп?  Чунки рақамли платформаларни фойдаланувчи учун қулай қилиш, маълумотларнинг очиқлигини таъминлаш, жамоатчилик ва ОАВ назоратини кучайтириш,  фуқароларни рақамли саводхонликка ўргатиш зарурати бор. Бу тўрт шартни бажармай туриб, рақамли ислоҳотларнинг таъсирини сезиш қийин.

Ана энди қўлда қалам билан коррупцияга қарши курашувчи журналист, блогер ва жамоатчилик вакилларининг армияси ҳақида гапирмаса бўлмас. Рақамлаштириш автоматик жараён, унда инсон омили бўлмайди. Инсон йўқ жойда эса, табиийки, ҳис-ҳаяжон ва инсонийлик йўқ. Агар техник жиҳатдан қуроллансагу, киши тарбияси ва руҳиятига эътиборни сусайтирсак, бу иллатга қарши кураш бирёқлама бўлиб қолиши тайин. Таълим-тарбия, диний эътиқод, виждон ва ҳалоллик “вакцинаси”, ҳаромдан ҳазар тушунчаси ҳар қандай рақамли ва рақамсиз технологиядан кучлироқ. Чунки инсон истаса олам гултожи, истаса унинг мавҳ этувчисига айланиши мумкин. Шоир айтмоқчи, “Ўз дилинг даргоҳида шайтон ўзинг, ғилмон ўзинг”. Демак, оилада, мактабда, ҳаётда кучли тарбия, ҳаёт мақсади ва кун қаҳрамонлари ҳақидаги стандартлар оддий ва камтар, ҳалол ва бундан бағри бутун инсонлар образини ифодалаши лозим. Тезроқ бойиб кетиш ҳақидаги “эртаклар”, хонанда ва блогерларнинг оловга мой қуядиган “ҳаётий” ҳикоялари ёш авлодда осон ва тез бойиш истагини кучайтиради. Мақсад шу бўлгач, воситаларнинг аҳамияти йўқолади. Шу сабаб санъаткорларга ҳашаматли, енгил ҳаёт тарзини кўз-кўз ва тарғиб қилувчи контентларни тарқатмаслик тавсия қилинди. Келгусида бу қатъий қоида тариқасида қабул қилинадими-йўқ, буни вақт кўрсатади. 

 Нима учун коррупцияга қарши қатъий кураш кетаётган, кунда-кунора мен-мен деган мансабдорлар – ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг катта-кичик амалдаги ходимлари, мансабдорлар жиноят устида, ашёвий далиллар билан қўлга тушгани ҳақида хабарлар тарқаётган бўлса-да, коррупцияга мойиллик камаймайди? Ўлим жазоси жорий этилган Хитойда ҳам уйидан килограммлаб олтин чиқаётган мансабдорларнинг борлиги коррупция чангали нақадар кучли эканидан дарак беради.

Нега бунчалар қудратлисан, коррупция? Нега сенинг ҳақингда милодда аввалги даврларда ҳам қайғуришган? Нима учун бу ўпқондан қутулиб чиқиш қийин? Чунки нафс банданинг жисми жонида бор. Акс ҳолда фаришта бўлар эдик. Демак, бу иллатга қарши кураш ҳар томонлама бўлиши – ҳам давлат, ҳам жамият томонидан; ҳам техник, ҳам руҳий-маънавий; ҳам ахлоқ, ҳам диний жиҳатдан йўлга қўйилиши зарур. Қонунчилик ва жамоатчилик назорати бир-бирини тўлдириши муҳим. Жазо қатъий бўлгач, жамоатчилик томонидан кузатув ва фош қилиш вазифаси олиб борилиши шарт. Бу йўлда журналистлар қаламни қурол, қоғозни қалқон қилиб иштирок эта олади. “Panama papers” бунга ҳаётий мисол. Сиёсий ирода, мустаҳкам қонунчилик, кучли жамоатчилик назоратини бу иллатни ютиб юборишга қодир Бермуд учбурчагига ўхшатиш мумкин.

Мен журналист сифатида, она сифатида ва фуқаро сифатида Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш қатъий давомли бўлишини истайман.   

Муқаддас САПАРОВА.

 

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *