Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби вилоятимизда ҳам 1 октябрдан 1 ноябргача “Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш” комплекс тезкор профилактик тадбирларининг учинчи босқичи юқори савияда ташкил этилмоқда. Президентимизнинг 2025 йил 3 ноябрдаги “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириб, нарковазиятни барқарорлаштириш ва наркотаҳдидларга қарши курашишда муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қиляпти.
Ички ишлар органлари, спорт, таълим, маданият ва бошқа алоқадор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган ойликда ёшларнинг онги ва дунёқарашида гиёҳвандлик ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларга қарши мустаҳкам маънавий иммунитетни шакллантиришга жиддий урғу берилмоқда. Ёшлар эътиборини тортадиган спорт мусобақалари, учрашув ва давра суҳбатлари, бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб қилиняпти.
Хусусан, Жиззах политехника институтида Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий амалий тиббиёт марказининг наркология хизмати бўйича Жиззах вилояти филиали ходимлари томонидан талабалар иштирокида ўтказилган давра суҳбатида зарарли иллатларга қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантиришга эътибор қаратилди. Жумладан, гиёҳвандликнинг инсон саломатлиги ва келажагига салбий таъсири, аянчли оқибатлари ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Шунингдек, филиал ходимлари Жиззах шаҳридаги 16 ва 29-сонли умумтаълим мактабларида ҳам бўлиб, ўқувчиларга аср вабосининг янги ва кўз илғамас кўринишларидан огоҳ бўлиш, шубҳали таклиф ва чорловларга алданмаслик ҳамда фақат соғлом ҳаёт йўлини танлаш лозимлиги борасида керакли кўрсатмаларни тақдим этдилар. Сирли оғулар ва уларга қарам беморлар ҳаёти таъсирчан тарзда тушунтирилиб, мавзуга оид буклетлар тарқатилди. Диспансернинг врач-наркологи Сайёра Сафарова, Лола Хўжабекова ва Ойниса Жуманова каби мутахассислар ўқувчиларнинг мавзуга доир саволларига жавоб бериш асносида турли психотроп моддалар ва синтетик дори воситалари истеъмолининг оғир асоратлари ва улардан ҳимояланиш усуллари ҳақида зарур маълумотларни келтириб ўтишди.
Шунингдек, Жиззах илғор касбий маҳорат техникумида “Биз гиёҳвандликка қаршимиз!” мавзусида ташкил этилган расмлар танловида ўқувчилар ранглар уйғунлигидан фойдаланиб, ўзига хос тасвирий ёндашувлар орқали гиёҳвандликнинг қайғули заволи, соғлом турмуш тарзининг аҳамияти, тинч ва фаровон ҳаётнинг қадр-қиммати ҳақида қизиқарли ижодий ишларни яратдилар. Ушбу танлов ёшларнинг ижодий салоҳиятини намоён этиш билан бирга, уларда зарарли иллатларга нисбатан муросасиз муносабатни мустаҳкамлаш ва соғлом ҳаёт қадриятларини қарор топтиришга хизмат қилди.
Вилоятда ёшлар орасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар давом этмоқда.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.