МЕҲНАТ, МАТОНАТ ВА ИШОНЧ САМАРАСИ

Пахтакор туманидаги 8-сонли таълим масканига яқинлашганимизда туш пайти бўлганди. Бошланғич синфларда дарслар тугагандир, қаҳрамонимизни иш вақтида безовта қилмайлик, деган ўй хаёлимиздан ўтди. Мактаб кўчасига бурилганимизда, бизга ҳамроҳлик қилаётган туман ҳокимининг матбуот котиби йўл четида кетаётган ёш аёлни кўриб, хизмат машинасини тўхтатди.

– Ширинойсиз-а? — дея қаергадир шошиб кетаётган, истараси иссиқ, жуссаси кичик аёлга мурожаат қилди у.

“Йил ўқитувчиси — 2026” кўрик-танловида ғолиблар сафидан жой олган Шириной Мухтарова билан суҳбатимиз шу тариқа бошланди. Қаҳрамонимиз бизнинг матбуотдан эканимизни билгач, орқага қайтди. Бироқ жуда шошаётганини, уйда эндигина бир ёшга тўлган фарзанди кутаётганини айтди. Биз ҳам вазиятни тушуниб, кўп вақтини олмасликка ваъда бердик.

Мактабнинг синф хонаси томон йўл олар эканмиз, хаёлимиздан бир фикр ўтди: танловнинг саралаш босқичларида Шириной ҳали бир ойлик чақалоғи билан иштирок этган, синовлардан муваффақиятли ўтиб, республика босқичигача етиб келган ва ғолиблар қаторидан жой олган эди. У бир вақтнинг ўзида ҳам фарзанд парвариши, ҳам касбий билим ва маҳорат синовларини уддалай олди. Қаҳрамонимизнинг иродаси, сабр-тоқати ва илмга чанқоқлигига қойил қолмай иложимиз йўқ эди.

– Ўқитувчилик касбига мактаб давримдаёқ меҳр қўйганман, – дея ҳикоя қилади у. – Илк устозим амаким бўлганлар. У кишининг дарс ўтиш услуби, болалар билан мулоқоти, касбига бўлган муносабати менда чуқур таассурот қолдирган. Ҳатто уйга қайтгач, укаларим ва сингилларимни ёнимга ўтқазиб, мактабда кўрганларимни такрорлардим, уларга дарс ўтардим…

Асли Фориш туманидан бўлган Шириной мактабни тамомлагач, олий таълим муассасасининг бошланғич таълим йўналишига ўқишга кирди. 2018 йилда эса педагогик фаолиятини Пахтакор туманида бошлади. Ўз устида мунтазам ишлаши, билим ва тажрибасини изчил бойитиб бориши натижасида қисқа вақт ичида олий тоифали педагог даражасига эришди, миллий сертификат соҳиби бўлди.

Шириной жорий йилда Президент ташаббуси билан ташкил этилган “Йил ўқитувчиси” танловида иштирок этган кунларини эслар экан, билим ва маҳорат синовларида ўзини хотиржам ҳис қилганини алоҳида таъкидлади.

– Турмуш ўртоғимнинг қўллаб-қувватловисиз танловда иштирок эта олмасдим, – дейди у. – У киши фарзандларимизга, айниқса, кенжатойимизга қарашда менга катта ёрдам бердилар. Зарур шароитларни яратиб, ғалабамга ишондилар. Яқинларим ҳам ҳар томонлама кўмак беришди. Шунинг учун саралаш босқичларида ўзимга бўлган ишончим баланд эди.

Қаҳрамонимизнинг турмуш ўртоғи Шоҳрух Раҳмонов ҳам бошланғич таълим йўналишини тамомлаган педагог. Айни пайтда улар бир мактабда фаолият юритишади. Бу оилада уч нафар фарзанд тарбияланмоқда. Ота-она мактабда ёш авлодга таълим-тарбия бериш билан бирга, оилада ҳам фарзандлар камоли учун масъул.

Дарҳақиқат, инсон ўз олдига катта мақсад қўйганда, уни тушунадиган ва қўллаб-қувватлайдиган яқинларининг борлиги қийинчиликларни енгиб ўтишда муҳим омил бўлади. Рўзғор ташвишлари, фарзандлар тарбияси ва мактабдаги масъулиятли вазифалар билан бир қаторда жиддий танловга тайёрланиш осон эмас. Ширинойнинг ютуғи ортида эса ана шу машаққатларни енгишга ёрдам берган оилавий ҳамжиҳатлик, меҳнатсеварлик ва қатъият мужассам.

Танловда кўплаб педагоглар орасида юқори натижа кўрсатган Шириной Мухтарова 52 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотига сазовор бўлди. Мукофот маблағи тўлиқ банк картасига ўтказилди.

616 миллион сўмга тенг пул мукофотини педагоглар оиласи эзгу ниятлар билан уч хонали хонадон харид қилишни режалаштирмоқда. Зеро, йиллар давомидаги меҳнат ва интилиш самараси нафақат касбий эътироф, балки оила фаровонлигини таъминлаш йўлида ҳам муҳим имкониятдир.

Устоз меҳнатининг бундай эътироф этилиши, аввало, унинг педагогик салоҳияти ва касбий маҳоратига берилган юксак баҳодир. Бироқ Шириной учун бу ғалаба фақатгина эришилган натижа эмас. У янги масъулият, янада юқори марралар сари интилиш учун куч ва рағбат ҳамдир.

– Мен учун энг қимматли натижа – эгаллаган билимларим ва орттирган касбий тажрибам. Улар ўқувчиларга таълим-тарбия бериш жараёнида менга катта ёрдам беради. Бу ҳали бошланиши, деб ўйлайман. Олдимизда ҳали кўплаб марралар бор. Ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялашимиз, рақобатбардош кадрларни вояга етказишимиз, Ватанимиз номини дунёга танитадиган ёшларни камол топтиришимиз керак. Бу йўлда дадил қадам ташлашдан тўхтамаслигимиз лозим, – дейди Шириной Мухтарова.

Ширинойнинг ҳаёт йўли бир ҳақиқатдан далолат беради. У ҳам бўлса – мақсад сари интилиш, ўз устида тинимсиз ишлаш ва яқинлар кўмагига таяниш орқали энг мураккаб синовларни ҳам енгиб ўтиш мумкин. Унинг ғалабаси эса нафақат шахсий ютуқ, балки ўз касбига садоқат билан хизмат қилаётган устозлар учун ҳам муносиб ибратдир.

Шаҳноза МАНСУРОВА.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ олган сурат.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *