Қонунчиликка кўра, истеъмолчиларга ичимлик сувини етказиб бериш ва оқова сувларни қабул қилиш сув таъминоти ташкилоти билан тузилган шартнома асосида амалга оширилади. Бундай шартномаларда сувни олиш ва ҳисобга олиш тартиби, тўловлар, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда жавобгарлик чегаралари белгиланади. Шунинг учун сувдан фойдаланишда белгиланган тартиб ва меъёрларга риоя қилиш ҳар бир истеъмолчининг муҳим мажбурияти ҳисобланади.
Ҳудудий инспекция томонидан ичимлик сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда ижтимоий тармоқларда 208 маротаба, маҳаллаларда 179 мартадан ортиқ тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилди. Қонунчиликда сувдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик ҳам белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 74-моддасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган. Табиий сув объектларидан сув олиш қоидалари ва лимитларини бузиш, сув объектларига таъсир кўрсатувчи айрим ишларни ўзбошимчалик билан амалга ошириш каби ҳолатлар жаримага сабаб бўлиши мумкин.
Жорий йилда 590 нафар истеъмолчилар томонидан қонун бузилиш ҳолатлари содир этилди. Уларга нисбатан 1 миллиард 990 млн 900 минг сўмлик ҳамда меъёрдан ортиқ ифлослантирган оқова сувларни оқизганлик бўйича 31 та хизмат кўрсатилувчиларга нисбатан 144 млн сўмлик маъмурий жарималар қўлланилди.
Сувдан оқилона фойдаланишни фақат мутасадди ташкилотлар ёки назорат органларининг вазифаси деб қараш тўғри эмас. Бу — барчамизнинг умумий масъулиятимиз. Хонадонда ҳам, иш жойида ҳам, далада ҳам сувга эҳтиёткор муносабатда бўлишимиз зарур.
Сув — табиатнинг бебаҳо неъмати. Уни асраш — ўз ҳаётимизни, фарзандларимиз келажагини ва юртимизнинг экологик барқарорлигини асраш демакдир. Шундай экан, сувни исроф қилмайлик, уни асрайлик ва ҳар бир томчидан оқилона фойдаланайлик!
Турсун ЭРГАШЕВ,
Қурилиш ва уй-жой коммунал
хўжалиги соҳасида ҳудудий
назорат қилиш инспекция
бошлиғи ўринбосари.