“УМР САБОҚЛАРИ” ҲАҚИДА ИККИ ОҒИЗ СЎЗ

2014 йилнинг 1 март куни эди. Таниқли шоир, бетакрор қалам соҳиби, раҳматли устозимиз Туроб Юсуфнинг 60 ёшлик юбилейини Пахтакор туманининг  “Самарқанд” маҳалласидаги мактабнинг фаоллар залида ўтказдик. Учрашув тугагач, устоз Туроб Юсуфнинг хонадонига бордик. Мен Муҳаммаджонни ўша куни илк бор учратдим ва танишдик.

Танишгунимизга қадар Муҳаммаднинг  иккиликларию тўртликларини, шеърларию фикр-мулоҳазаларини, гоҳ “Жиззах овози”да, гоҳ “Жиззах ҳақиқати” газетаси саҳифаларидан ўқиб келар эдим. Ҳар қалай газета саҳифасида ёритилган  шеърлари ўзга муаллифлар шеърларидан ажралиб, нурланиб турар эди.
Муҳаммаднинг танлаган мавзуси хилма-хил бўлиб, у мавзуни  дилга сингиб кетгудай қилиб тасвирлай оларди. Мен унинг шеърларида табиат тасвирини кўп кузатганман. У табиат тасвирини чиройли ўхшатишлар, жонлантиришлар воситасида қисқа ва лўнда қилиб, мусаввирона нигоҳ билан оппоқ қоғозга жойлай биларди. Аслида, давлат божхонасида хизмат қилган Муҳаммаджон мушоира кечаларига деярли қатнашмасди. Сабаби хизматдаги масъулият ҳисси…
Шунинг учун ҳам бизлар камдан кам учрашар эдик. Лекин сезар эдимки, Муҳаммаджон ижод қилишдан тўхтамаган, тўхтамайди ҳам… Чунки, шоир ўзини элу юртга яхшилик қилишга масъул эканлигини юракдан ҳис қилади:

Кимдир деди:

Бу дунёда бахшилар кўп,

Қадам қўйсанг, қадаминга

қаршилар кўп.

Ўтар умрим, сабоқ

мазмун маъносидан:

Яхшилар кўп,

яхшилар кўп,

яхшилар кўп.

Ҳар қандай қалам соҳибининг дилида самимият бўлса, унинг ёзганлари эзгу тилакларга қоришиб, оппоқ қоғозга тўкилади. Унинг шундай тўртликларидан бири:

Устундек туролмас ҳеч эски девор,

Сохталик кун келиб бўлади ошкор.

Қанча тўлиб-тошиб оққани билан,

Сой, селнинг дарёлик даъвоси бекор

Юқоридаги тўртликнинг маъносини таҳлил қилиб ўтиришнинг ҳожати йўқ.
Муҳаммаджоннинг йиллар давомида битган асарлари 2011 йилда  “Баланд тоғлар ҳикмати”, “Тафаккур сарҳадларида”, 2012 йилда “Вафо шеваси”, 2016 йилда эса “Олмос қиррасидаги жилолар” номли  тўпламларида чоп этилди. Ушбу китобларни ўқиб, мутолаа қилган кишининг кўз ўнгида шеърдан шеърга, тўпламдан тўпламга қалами чархланиб бораётган шоирнинг сиймоси пайдо бўлади. Муҳаммаджоннинг битикларида файласуфона фикрлар мужассам:

Гар киши беҳаёлик бирла мастдир,

Одамийлик бобида хору хасдир.

Эгри ниҳол айланса гар дарахтга,

Чеккан заҳматларинг зое, абасдир.

Кўриниб турибдики, шоир соддагина тўртлиги билан ижтимоий мавзу– бола тарбиясига эътиборни жалб қилмоқда. 2024 йилнинг 22 май куни эди. Жиззах вилоятидаги Юнус Ражабий номли театр биносида “Ватан сарҳадлари” лойиҳаси бўйича катта йиғилиш бўлиб ўтди. Ўша йиғилишда, биз –қалам аҳлини қувонтирган ҳолат шу бўлдики, Муҳаммад Акажон Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди. Гувоҳномани атоқли шоир Ботиржон Эргашев Муҳаммаджонга тантанали равишда топширди.

Муҳаммаджон яқинда менга “Умр сабоқлари” шеърий тўпламини совға қилди. Китобни варақлар эканман, тўпламдаги шеърларнинг жанр жиҳатидан турфалиги, мавзунинг ранг-баранглиги, асарларнинг равон ўқилиши, маъно-мазмуннинг мукаммаллиги мени қувонтирди. Шоирнинг Ватанга, онага, табиатга бўлган муҳаббатининг чексизлигини тўпламни ўқиб бўлгач чуқур ҳис этдим.

Мен ушбу тўпламни ўқиб, Муҳаммаджонни янги китоб билан табриклаган ҳолда, ижодининг бардавом бўлишини тилайман. Зеро, шоирнинг ўзи таъкидлаганидек, “Бир булоқ кўз очса, минг дарахт бўй кўрсатади!”.
“Умр сабоқлари”дан баҳраманд бўлиш ҳаммага насиб этсин! Ёнгинамда юрган  самимий қалб эгаси, изланувчан шоир укам борлигидан фахрланаман.

                    Абдухалил САТТОРОВ,

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *