Инсон қадрини улуғлаш, жамиятда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юртимизда амалга оширилаётган эзгу ишлардан биридир. Айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга муносиб шароит яратиш, таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ҳамда жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун имкониятларни кенгайтириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ана шундай эзгу мақсадлар йўлида Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Марказий бошқаруви раиси Комилжон Абдуллаев ҳамда “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан Жиззах давлат педагогика университетида таълим олаётган ногиронлиги бўлган талабалар билан учрашув ва очиқ мулоқот ташкил этилди.
–Мазкур учрашувнинг асосий мақсади — ногиронлиги бўлган талабаларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглаш, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш, ижтимоий ҳимоя ва қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан мулоқот қилишдан иборат,–деди Ўзбекистон Ногиронлар жамияти вилоят бўлими раиси Рахматулла Аҳмедов.–Бундай учрашувлар ёшларнинг таълим олиш жараёнида дуч келаётган муаммоларини аниқлаш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини ўрганиш, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб олишда муҳим ўрин тутади.
Учрашувда вилоят ҳокимининг ўринбосари Саҳобиддин Болиев, “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари, юрист Олишбой Ғуломов, ЖДПУнинг биринчи проректори Фаррух Ақчаевлар сўзга чиқиб, ногиронлиги бўлган инсонлар учун имконият яратиш — нафақат ижтимоий ҳимоя, балки уларнинг қобилияти, салоҳияти ва орзу-интилишларини рўёбга чиқаришга хизмат қиладиган муҳим омиллар хусусида гапирди. Айниқса, билим олишга интилаётган талаба-ёшларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши ҳақида тўхталиб ўтди. Учрашув якунида талаба-ёшлардан сўровномалар олинди, таклиф ва истаклари тингланди.
Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.