Бугунги кунда маҳсулот сифати, унинг хавфсизлиги ва белгиланган стандартларга мувофиқлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, сифатли маҳсулот истеъмолчилар ишончини мустаҳкамлаш, ишлаб чиқарувчи корхоналар нуфузини ошириш ҳамда мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига хизмат қилади.
Aна шу масъулиятли вазифаларни амалга оширишда Ўзбекистон Стандартлар институтининг Жиззах филиали ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Филиал жамоаси маҳсулотлар сифатини баҳолаш, уларнинг меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини аниқлаш ва сифат назоратини таъминлаш йўлида фаолият олиб бораяпти.
Бугунги кунда филиалда ўнга яқин малакали мутахассис ва бошқа мутахассислар меҳнат қилаётир. Улар ўз устида тинимсиз ишлаш, билим ва тажрибаларини ошириш, соҳадаги янгиликларни ўрганиш ҳамда иш фаолиятига замонавий ёндашувларни татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Филиалда 100 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар ўзларига тегишли махсус меъёрий ҳужжатлар асосида текширувдан ўтказилади. Жараёнда маҳсулотларнинг ташқи кўриниши, сифат кўрсаткичлари ва белгиланган талабларга мувофиқлиги синчковлик билан ўрганилиб, натижалар асосида тегишли хулосалар берилади. Ҳар бир текширувда аниқлик, холислик ва масъулият асосий мезон ҳисобланади.
Филиал фаолиятининг муҳим йўналишларидан яна бири олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантиришдир. Жумладан, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Aбдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика университетининг кимё ва биология кафедралари ҳамда Жиззах политехника институти талабалари билан амалий ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Ушбу ҳамкорлик доирасида талабалар ўқиш жараёнидан бир кунни филиал лабораториясидаги амалий машғулотларга ажратиб, маҳсулотларни текшириш, меъёрий ҳужжатлар билан ишлаш ва сифат кўрсаткичларини баҳолаш жараёнлари билан яқиндан танишмоқда. Бу эса уларнинг назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлашига хизмат қилмоқда.
Машғулотлар давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш, эркин фикр билдириш ва янги таклифлар бериш имкониятига ўга бўлмоқда. Энг қувонарлиси, айрим талабаларимизда ушбу соҳага қизиқиш ортиб, улар маҳсулот сифати, стандартлаштириш ва лаборатория фаолияти йўналишида мустақил илмий изланишлар олиб бормоқда. Ҳатто ўз илмий мавзуларини танлаб, тадқиқот ишлари билан шуғулланаётган ёшларимиз ҳам бор.
Бу каби ҳамкорлик ёшларнинг касбий билим ва кўникмаларини ривожлантириш, келажакда малакали мутахассислар етишиб чиқишига замин яратмоқда.
Мамлакатимизда маҳсулот сифати, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, бозор назорати ва метрология тизимини такомиллаштиришга давлат даражасида алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Дарҳақиқат, сифат — бу шунчаки маҳсулотнинг ташқи кўриниши эмас, балки инсон саломатлиги, истеъмолчи ишончи ва ишлаб чиқарувчи масъулиятининг ифодасидир. Жиззах филиали мутахассисларининг фидокорона меҳнати, ёшлар билан ҳамкорлиги ва янгиликка интилиши ҳудудда сифат маданиятини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Зеро, сифатга эътибор — тараққиётга эътибор, сифатга садоқат эса халқ ишончига хизматдир!
Aбдулҳофиз АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон Стандартлар институти
Жиззах филиали мутахассиси.