КОРРУПЦИЯВИЙ ХАВФЛАРГА ҚАРШИ САМАРАЛИ ЧОРАЛАР

Жиззах вилоятининг коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгаш аъзолари учун “Ҳудудларда коррупция хавфларини аниқлаш ва қайта алоқа механизмларини шакллантириш” мавзусида семинар-тренинг ўтказилмоқда. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши мажлислар залида бўлиб ўтган тадбирнинг  биринчи кунида коррупцион ҳолатларнинг турлари, уларни келтириб чиқарувчи омиллар, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этиш керак, ушбу мавзудаги тренинглар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг Европа Иттифоқи молиявий кўмагидаги «Ўзбекистонда коррупцияга қарши миллий экотизимни мустаҳкамлаш» қўшма лойиҳаси доирасида бутун республика бўйлаб ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзоси, 2-даражали адлия маслаҳатчиси Тўлқин Турсунов ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг коррупцияга қарши курашиш лойиҳаси менежери Муҳаммаджон Турсунов томонидан олиб борилган ўқувлар давомида асосан, тендерларда адолатли рақобатни таъминлаш, ер ажратишда қонунийликка риоя этиш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Олиб борилган амалий машғулотда коррупциявий хавф-хатарларнинг илдизини аниқлаш ва уларни масъул ташкилотлар билан биргаликда ҳал этиш масалалари амалий вазиятлар таҳлили асосида кўриб чиқилди. Хусусан, тендер талаблари муайян корхонага мослаштирилиб, бошқа иштирокчиларга йўл ёпилган ҳолат таҳлил қилинди. Иштирокчилар бундай вазиятда нимани текшириш, вазиятга қайси идорани жалб қилиш ва қандай чоралар белгилаш лозимлигини муҳокама қилдилар.

Тренингнинг иккинчи кунида фуқаролар мурожаатлари, жамоатчилик назорати ва ОАВ билан ҳамкорлик масалаларида машғулотлар олиб борилади.

Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *