СУВ БЎЙИЧА ҚОНУНЧИЛИКНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА БАҒИШЛАНГАН ХАЛҚАРО СEМИНАР БЎЛИБ ЎТДИ

Халқаро сув ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва Сув кодекси лойиҳасини глобал тажрибалар асосида такомиллаштириш мақсадида  халқаро конференция ўтказилди. Мазкур  тадбир Сув хўжалиги вазирлиги томонидан  Осиё тараққиёт банки (АБР), Жаҳон банки ҳамда Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (СДC) халқаро консультантлари билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Семинар Зоом платформаси орқали ҳам онлайн тарзда ўтказилиб,  Сирдарё–Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А. Мустақов, марказий аппарат ходимлари, “Жиззахсувқурилишинвест” ДМ вакиллари ва “Сувхўжаликназорат” инспекцияси мутахассислари фаол иштирок этишди.

Конференциянинг очилиш маросимида Президент Администрацияси раҳбарининг сув таъминоти тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Тимур Бутунбаев сўзга чиқиб, Ўзбекистонда сув соҳасидаги устувор йўналишлар, 2030-йилгача сув тежовчи технологияларни жорий этиш дастури ҳамда  амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.

“Сувчилар мактаби” лойиҳаси натижалари, соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлашнинг янги модели ҳамда халқаро институтлар билан олиб борилаётган қўшма лойиҳалар ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

Шунингдек, тадбирда Сув хўжалиги вазири биринчи ўринбосари З. Ишпулатов Сув кодексининг мазмун-моҳияти, унинг сув ресурсларини бошқаришдаги янги ёндашувлар, сув мониторинги, тақсимот ва сувдан фойдаланиш бўйича замонавий ҳуқуқий механизмларни жорий этиши ҳақида маъруза қилди.

Халқаро ирригация ва дренаж қўмитаси, Глобал сув ҳамкорлиги ташкилоти, Осиё тараққиёт банки, Халқаро Оролни қутқариш жамғармаси, Марказий Осиё минтақавий экология маркази, Буюк Британия, Канада, Чехия, Франция, Германия давлатларидан етакчи экспертлар, Халқаро молиявий институтлар ваколатхоналари раҳбарлари ҳамда хорижий давлат элчилари ўз маърузалари билан иштирок этдилар.

Конференциянинг асосий қисми сув хўжалигида халқаро стандартлар, узоқ муддатли бошқарув механизмлари ва молиявий барқарорликни таъминлаш масалаларига бағишланди. Иштирокчилар сув ресурсларининг реал вақт режимида мониторинги,  сув тақсимоти бўйича ягона электрон платформалар,  сувдан фойдаланишнинг янги тартибларини муҳокама қилдилар.

Марказий Осиё минтақасида трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш, қўшни давлатлар билан музокара жараёнлари, “сув дипломатияси” бўйича илғор тажрибалар ва глобал экологик чақириқларга қарши биргаликдаги чоралар муҳокама этилди.

Сув ресурслари танқислиги глобал муаммога айланган ҳозирги шароитда сувдан оқилона фойдаланиш, сув бошқарувини рақамлаштириш, халқаро сув дипломатиясини кучайтириш Ўзбекистон учун стратегик вазифа ҳисобланади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *