ИЛМ-ФАН ТАРАҚҚИЁТИ САРИ МУҲИМ ҚАДАМ

Жиззах Sambhram университетида «Илм-фан тараққиёти: илмий инновацион ёндашувлар ва стратегик таҳлиллар» мавзусида II халқаро илмий-техник анжуман бўлиб ўтди.

Ушбу нуфузли тадбир илм-фан ва таълим интеграциясини ривожлантириш, замонавий илмий ютуқларни оммалаштириш, инновацион ғоялар алмашинувини кучайтириш ҳамда халқаро илмий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Анжуман гибрид форматда, яъни онлайн ва офлайн шаклларда ташкил этилди. Унда маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, олимлар, тадқиқотчилар ҳамда илмий изланувчилар иштирок этди. Турли мамлакатлар ва илмий мактаблар вакилларини бир майдонда жамлаган анжуман илм-фан соҳасида тажриба алмашиш, янги илмий ғояларни муҳокама қилиш ва истиқболли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун муҳим имконият яратди.

Тадбирни университет ректори, физика-математика фанлари доктори, профессор Жуманазар Хусанов кириш сўзи билан очиб берди. У ўз нутқида бугунги кунда илм-фан тараққиёти, инновацион ёндашувлар ва замонавий технологияларни таълим жараёнига татбиқ этишнинг аҳамиятига эътибор қаратди. Шунингдек, илмий салоҳиятни юксалтириш, ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида бундай анжуманларнинг ўрни беқиёс эканини таъкидлади.

Sambhram университети асосчиси, Sambhram Group раиси доктор Награж Венкатеш ҳам анжуман иштирокчиларига самимий табрик сўзларини йўллаб, илм-фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари хусусида ўз фикрларини билдирди. Анжуман давомида турли соҳаларнинг етакчи мутахассислари томонидан илмий маърузалар тингланди. Хусусан, сунъий интеллект, машинавий ўқитиш, рақамли технологиялар, иқтисодий ривожланиш, фундаментал ва ижтимоий-гуманитар фанлардаги инновацион ёндашувлар, замонавий илмий тадқиқотлар ҳамда уларнинг амалий натижалари атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирда техника фанлари доктори, профессор Эргаш Салиев, Ҳиндистоннинг Давангере университети профессори доктор Б.С. Прасаннакумара, «Оила ва гендер» илмий-тадқиқот институти директор ўринбосари, профессор Ойниса Мусурманова, Самарқанд давлат университети Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар факультети профессори Христо Анант, профессор Фарида Абдурахимова, Тошкент халқаро таълим университети катта ўқитувчиси Первиз Мамедов ҳамда бошқа олим ва мутахассислар иштирок этди. Маърузаларда илм-фаннинг бугунги тараққиёт тенденциялари, рақамли трансформация шароитида янги билим ва кўникмаларни шакллантириш, илмий изланишларнинг иқтисодиёт ва жамият ҳаётидаги аҳамияти хусусида фикрлар билдирилди. Айниқса, сунъий интеллект технологияларининг турли соҳаларга жадал кириб келаётгани, унинг имкониятларидан самарали фойдаланиш ва бу жараёнда илмий ёндашувнинг муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Жиззахда ўтказилган II халқаро илмий-техник анжуман ҳам илм-фан салоҳиятини намоён этиш, инновацион тафаккурни ривожлантириш ва халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *