ЎҚУВ МАШҚЛАРИ ОРҚАЛИ БАҲОЛАНДИ

Ғаллаорол туманида “Бошқарув органлари, фавқулодда вазиятлар давлат тизими ҳудудий ва функционал қуйи тизимларининг фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлари” мавзусида қўмондонлик-штаб ўқув машқи ўтказилди.

Ўқув машқининг биринчи кунида асосан ташкилий ишлар, куч ва воситаларни шай ҳолатга келтириш, бошқарув органларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштиришга қаратилган тадбирлар амалга оширилди.

Иккинчи кун доирасида ўқув машқлари янада кенг қамровда ташкил этилиб, бир нечта йўналишларда амалий тадбирлар ўтказилди. Дастлаб туман ҳудудидаги хавф даражаси юқори бўлган «қизил» тоифага киритилган маҳаллаларда «Фуқаро муҳофазаси ва ёнғинлар профилактикаси куни» тадбирлари ўтказилди. Бунда фуқароларга табиий газ ва электр жиҳозларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш, иситиш мосламаларининг техник ҳолатини назоратда ушлаш, дудбурон ва мўриларни ўз вақтида тозалаш, хонадонларда шамоллатиш тизимларининг созлигини таъминлаш бўйича тушунтиришлар берилди.

Шундан сўнг тумандаги 44-сонли умумтаълим мактаби ҳамда 22-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида “Фуқаро муҳофазаси куни” тадбирлари юқори савияда ташкил этилди. Йиғилишлар доирасида ўқувчи ва тарбияланувчиларга фавқулодда вазиятларда ўзини тутиш қоидалари, эвакуация тартиби, ёнғин хавфсизлиги, зилзила вақтида тўғри ҳаракат қилиш бўйича тушунчалар берилди. “Фавқулодда вазиятлар болалар нигоҳида” мавзусида викторина, савол-жавоблар ва кўргазмали саҳна кўринишлари ташкил этилди.

Ўқув машқларининг навбатдаги нуқтаси «Агробанк»нинг Ғаллаорол туман филиалида ташкил этилди. Бу ерда зилзила оқибатида бино ва иншоотларда вайроналар юзага келиши, фуқароларнинг бинода қолиб кетиши билан боғлиқ шартли вазият яратилди. Машғулот давомида банк ходимларининг белгиланган тартибда ҳаракатланиши, бинони тарк этиш, эвакуация йўналишларига риоя қилиш ва масъул хизматлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш кўникмаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Амалий машғулотларнинг кейинги босқичи Ғаллаорол тумани ҳудудидан ўтувчи М-39 халқаро автомобиль йўлида олиб борилиб, бу ерда зилзила натижасида кучли таъсир этувчи заҳарли модда ташиётган транспорт воситасида авария юзага келиши ва хавфли модданинг ташқи муҳитга сизиб чиқиши билан боғлиқ шартли фавқулодда вазият яратилди. Тегишли хизматлар томонидан авария содир бўлган ҳудудни назоратга олиш, заҳарли модда сизиб чиқаётган транспорт воситасини хавфсиз ҳудудга кўчириш, цистернадаги шикастланган жойларни бартараф этиш бўйича муҳим ҳаракатлар бажарилди.

Шунингдек, ўқув машқлари доирасида тумандаги Ғаллаорол газ тақсимлаш шохобчаси, вилоят магистрал электр тармоқлари корхонасининг туман подстанцияси ҳамда ўндан зиёд бошқа корхона, муассаса ва ташкилотларда аҳоли ҳамда ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишга қаратилган амалий тадбирлар ташкил этилди. Уларда зилзила, ёнғин, авария ва бошқа техноген тусдаги фавқулодда ҳолатлар юзага келганда ҳаракат қилиш тартиби, эвакуация чоралари, биринчи ёрдам кўрсатиш, шунингдек, биологик хавфлар ва ҳайвонлардан юқадиган касалликлардан ҳимояланиш бўйича ҳаётий кўникмалар мустаҳкамланди.

Ушбу тадбирларни ўтказишдан асосий мақсад — ишчи-ходимларнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлик даражасини ошириш, хавфсизлик чораларига риоя қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаш ва бундай шароитларда тезкор қарор қабул қилиш маҳоратини шакллантиришдан иборат. Ўқув-машғулотлар давомида ходимлар мазкур вазиятларда ўзларига юклатилган функционал вазифаларни янада мустаҳкамлаб олишди, — дейди вилоят ФВБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, подполковник Адҳам Тангриев.

Уч кун давом этган қўмондонлик-штаб ўқув машғулотига жами 1301 нафар шахсий таркиб, 2460 нафар кузатувчи ҳамда 197 та техника жалб этилди.  Кенг қамровли тадбирлар якунида туман ҳокимлигида йиғилиш ўтказилиб, эришилган ютуқлар билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликлар сарҳисоб қилинди.

Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *