ТОМОРҚА ХАЗИНА МАНБАИ

Анор — халқимиз дастурхонидан муносиб ўрин олган, қадимдан тўкинлик, барака ва аҳиллик рамзи сифатида қадрланган мевалардан бири. Унинг оқ дона, қизил анор, аччиқ дона каби бир-биридан таъми, ранги ва хусусиятлари билан фарқланувчи навлари бор. Бироқ мўл ва сифатли ҳосил олиш учун нав танлашнинг ўзи кифоя эмас. Кўчатни тўғри экиш, агротехник тадбирларга риоя қилиш, суғориш ва озиқлантириш ишларини ўз вақтида бажариш талаб этилади.

Шароф Рашидов тумани Раваллиқ маҳалласида яшовчи Набижон  ва  Нигора Нишоновалар оиласи ана шу юмушларни йиллар давомида тажриба орттириб, меҳр билан бажариб келмоқда. Қўшимча даромад топиш ва боғдорчиликка бўлган қизиқиш сабаб улар ҳовлисининг беш сотихга яқин қисмига анор қаламчаларини экишди. Бугун бу ерда оқ дона (туя тиш), қизил анор ва аччиқ дона навларига мансуб 30 тупга яқин анор ҳосил бермоқда.

Анорларни  ўн йил олдин қаламча қилиб экканмиз. Вақтида қаров бериш натижасида бугунги ҳолатга келди, — дейди Набижон ака. — Кун бўйи ишда бўламан, лекин ишдан қайтгач, албатта, боғни бир айланиб чиқаман. Дарахтларнинг ҳолини кузатаман, зарур юмушларни бажараман. Мавсумига қараб маҳаллий, органик ўғитлар берамиз, вақтида дорилаймиз ва йил давомида олти-етти марта суғорамиз. Қиш келганда эса совуқ урмаслиги учун анорларни кўмиб қўямиз. Баҳорда ҳаво исигач, очамиз. Энг қувонарлиси, фарзандларим, келинларим ва набираларим ҳам бизнинг бу машғулотимизга бефарқ эмас. Боғда ишлаётганимизда доимо бизга ёрдам беришади. Қисқаси, томорқа хазина манбаи.

Анорчиликда мавсумий парвариш муҳим аҳамиятга эга.  Меъёрида суғориш, тупроқ унумдорлигини сақлаш, органик ўғитлар билан озиқлантириш, қуриган ва ортиқча новдаларни кесиш ҳосилдорликка ижобий таъсир кўрсатади. Айниқса, совуқ ҳудудларда анор тупини қиш мавсумида кўмиш совуқдан ҳимоялашнинг синалган усулларидан ҳисобланади.

Бу меҳнатнинг самараси ҳосил кўрсаткичларида ҳам намоён. Хонадон соҳиблари 2025 йилда 200 килограмм анор териб олишган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 250 килограммга етди. Терилган мевалар, аввало, оила дастурхонига тортилади, қўни-қўшни ва қариндошларга улашилади. Ортиқча қисми эса маҳаллий бозорда сотилиб, оилага қўшимча даромад келтиради.

Набижон аканинг фикрича, томорқадан унумли фойдаланиш учун катта ер майдони шарт эмас. Муҳими, мавжуд имкониятни тўғри баҳолаш, экин ва кўчатларни агротехник талаблар асосида парваришлаш кифоя.

Нишоновлар хонадонининг яна бир эътиборга молик жиҳати — Нигора опанинг гулчиликка бўлган қизиқиши. Ҳовлида 50 дан ортиқ гул тури  парваришланади. Улар орасида сансевиерия (қиличгул), алоказия (филқулоқ), қора шаҳзода каби камёб гул навлари  ҳам бор.

Гулларни болалигимдан яхши кўраман. Шу қизиқишим туфайли уларни парваришлаб келаман. Ҳар бирининг ўзига хос хусусияти ва парвариш талаби бор. Суғориш меъёрига, ёруғлик ва тупроқ ҳолатига эътибор бераман. Янги барг чиқарганини ёки гуллаганини кўрсам, хурсанд бўламан. Бу машғулот менга завқ бағишлайди, — дейди Нигора опа.

У гулларни парваришлаш билан бирга, уларнинг уруғларини йиғиб, кўпайтириш билан ҳам шуғулланади. Хонадонда анор қаламчалари ҳам тайёрланади. Энг эътиборлиси, ҳовлисида анор етиштириш ёки гул парваришлаш истагида келганларга қаламча ва уруғларни савоб умидида улашади. Шу тариқа улар ўз тажрибаларини бошқалар билан ҳам баҳам кўради.

Нишоновлар ўн олти сотих ернинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланишаётир. Бир томонда ҳосилга кирган анорзор, иккинчи томонда эса  гулзор ҳамда  яшил боғ кайфиятингизни кўтаради. Бу манзара томорқачиликни даромад манбаига айлантириш, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш ва ёш авлодда ўз томорқасидан самарали фойдаланиш мумкинлигини   кўрсатмоқда.

Зеро, экилган ҳар бир ниҳол келажакдаги ҳосилнинг бошланишидир. Уни парваришлашга сарфланган меҳнат эса йиллар ўтиб, нафақат мева, балки авлоддан авлодга ўтадиган яхши анъанага айланади.

Худойберди ЗИЁТОВ.

Муаллиф олган сурат.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *