МЕҲР ҚОЛУР, МУҲАББАТ ҚОЛУР

Инсон қадр-қимматини улуғлаш, эзгуллик ва меҳр-мурувват кўрсатиш янгиланаётган Ўзбекистоннинг бош тамойилларидан биридир.  Мамлакатимизда туб ислоҳотлар амалга оширилаётган бир пайтда ногиронлиги бўлган шахсларга муҳим эътибор қаратилиб, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга 2022 йилдаги Мурожаатномасида “Ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексалар, умуман кўмакка муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш, албатта, устувор вазифаларимиз бўлиб қолади”, деган сўзларидан барча жисмоний имконияти чекланган юртдошларимиз мамнунлик ва кўтаринкилик ҳис қилдилар.

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган. Сўнгги йилларда  ногиронлиги бўлган шахсларнинг  тўлақонли ҳаёт кечиришлари, уларнинг ижтимоий  инфратузилма объектларига тўсиқларсиз киришлари, транспорт воситаларидан эркин фойдаланишлари учун шарт-шароитлар  яратиш, реабилитация қилиш ва касбга тайёрлаш,  билим олишлари, олий ўқув юртларига киришларида   2 фоизли квота ўринлари ажратилиши каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Ногиронлар жамияти Жиззах вилоят бўлими 1992 йилда ташкил этилган бўлиб, кам таъминланган ва ўзгалар кўмагига  муҳтож ногиронларни  бирлаштириб, ақлан ва руҳан тетик ҳамда иродали инсонларнинг жонкуяр ҳимоячиси бўлган йирик жамоат ташкилотларидан бирига айланди. Ногиронлар жамияти ҳайрия ҳисобига ишлайдиган  нодавлат-нотижорат ташкилоти сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда. Ногиронлар жамияти турли сабабларга кўра ногирон бўлиб қолган инсонларни руҳан қўллаб-қувватлаш, имкон даражасида моддий-молиявий ёрдамлар кўрсатиш шу билан уларнинг ҳаётга, эртанги кунга бўлган қизиқишларини, ишонч ва умидларини ошириш ҳамда жамиятда ўз ўринларини топишда кўмаклашишни асосий мақсад деб билади.

Бугунги кунда вилоятимизда 38 074 нафар ногиронлиги бўлган шахслар  истиқомат қилади. Уларнинг 3088 нафари 1-гуруҳ, 24681 нафари 2-гуруҳ, 921 нафари 3-гуруҳ ва 18 ёшгача бўлган ногирон болалар 9384 нафарни ташкил қилади. Уларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, айниқса ногиронларга ҳаётда тенг имконият ва шароитлар яратиб бериш долзарб масалалардан бирига айланди. Масалан, оғир турмуш шароитда яшовчи уй-жойга муҳтож ногиронларни имтиёзли ва узоқ муддатли кредитлар асосида таъминлаш ҳисобига 2000 нафардан зиёд ногиронлар янги уйли бўлишди. Касаначилик асосида уларнинг янги иш ўринлари яратилди.

Ногиронлар жамияти учун аънана тусини олаётган тадбир бу  ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган ногиронлиги бор бўлган  оила фарзандларининг хатна тўйларини ўтказишдир. 2016-2023 йиллар давомида 87 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ногирон ва боқувчисини йўқотган оила фарзандларининг хатна ва 3 нафар ногиронлиги бор бўлган  ёшларнинг никоҳ тўйлари жамият ҳисобидан ўтказилиб берилди.

Яна бир анъанавий тадбир – халқаро Ногиронлар куни муносабати ногиронлар ўртасида спортнинг  шашка, шахмат, стол тенниси, ногиронлар аравачасида вело пойга, армрестлинг, мини футбол ва арқон тортиш бўйича мусобақалардир. Мусобақа байрам тадбирига уланиб, барча иштирокчиларга эсдалик совғалари тарқатилади. Бу тадбирларда маҳаллий ҳокимликларнинг молиявий кўмаги катта ўрин тутади.

Ногиронлар жамиятининг фаолиятини янада ривожлантириш, молиявий ҳолатини ошириш мақсадида  “Навқирон-Нуршод” шуъба корхонаси ташкил қилинган. Бу корхонага 2-гуруҳ ногирони  Султонмурод Нормуродов раҳбарлик қилади. Бу ерда тикувчилик бўйича 8 та иш ўрни яратилган. Яқинда “Орзу ислом” унитар корхонаси ҳам шу мақсадда ташкил қилинди. Мақсадимиз ногиронларнинг билим ва ҳуқуқий онгини ошириш, касби ва соғлигига мос иш ўринлари билан таъминлаш чораларини кўриш,  уларнинг маънавий ва молиявий мустақиллигини таъминлашдир. Ногиронлар ҳаёт туҳфаларига соғлом инсонлардан кўра кўпроқ ҳақли, чунки улар тўрт мучаси соғ инсонларнинг шукр ва қаноат билан олға интилишлари учун сабабчидирлар.

Раҳматулла АҲМЕДОВ,

Ўзбекистон Ногиронлар жамияти

 вилоят бўлими раиси       

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *