Бугун кўпчилик деҳқончиликда кимёвий препаратлардан кенг фойдаланилаётганидан ёзғириши мумкин. Аммо деҳқоннинг табиий ҳимоячилари борки, улардан бири – олтинкўз.
Олтинкўзлар (Chrysopidae) тўрқанотлилар туркумига мансуб ҳашаротлар оиласи. Ўрта Осиё фаунасида 24 тури тарқалган. Ўзбекистонда Ch. carnea Steph., Ch. septempan cfata W., Ch. albolineata L. ва Ch. vittata W. кўп учрайди. Танаси оч яшил, кузлари тилларанг, садафсимон ёки камалаксимон. Товланувчи қанотлари ёйилганда 19– 50 мм.га етади. Мўйлови чўткасимон, пешонаси текис. Ингичка дастали оч яшил тухумини ўсимликка ёпиштириб қўяди. Личинкаси тиғиз, олд ва орқа томони ингичка, кўкрак оёқлари яхши ривожланган. Ғумбаги очиқ типда, ранги яшил.
Oлтинкўзнинг личинкалари йиртқич ҳаёт кечиради, улар жуда хўра ва ниҳоятда ҳаракатчан. Улар полифаг (озуқа тури кўп). Личинкаси 3000 тагача бит, ўргимчаккана ва зараркунанда тунлам тухумларини йўқ қилиши мумкин. Етук ҳашарот фазасида, камдан-кам ғумбак ҳолида қишлайди. Қишловдан март охири — апрель бошларида, суткалик ўртача ҳарорат 10—11° бўлганда чиқади. Тухумини ўсимликнинг барги ва бошқа қисмларига биттадан ёки тўп қилиб қўяди. Урғочиси бир кунда 65, ҳаёти давомида эса 500—750 тагача тухум қўяди.
Деҳқончилик минтақаларида яшайдиган олтинкўзнинг асосий турлари 4—5 авлод беради. Пахта далалари агробиоценозида олтинкўзнинг ғўза ва бошқа қишлоқ хўжалиги зараркунандаларини йўқ қилувчи этномофаглар сифатида катта аҳамиятга эга. Ўсимликларни зараркунанда ҳашаротлардан химоя қилишда қўллаш учун олтинкўзни лаборатория шароитида, табиий ва сунъий озуқа муҳитида кўпайтириш усули ишлаб чиқилган.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Мирзачўл туман бўлими.