Вилоят ҳокимлигида жорий йилнинг 28 ноябрь куни Президентимиз раҳбарлигида фармацевтика соҳасини ривожлантиришга бағишланган кенгайтирилган йиғилишда берилган топшириқлар ижросини ташкил этиш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Шаҳар ва туманлар билан видеоселектор тарзида ташкил этилган йиғилишда соғлиқни сақлаш, фармацевтика, иқтисодиёт соҳаси ва тадбиркорларнинг вакиллари иштирок этди.
Йиғилишни бошқариб борган вилоят ҳокими Эргаш Салиев вилоятимизда фармацевтика соҳасини ривожлантиришга қаратилган ишлар тегишли раҳбарларнинг айби билан самара бермаётганини, шу сабабли дори-дармонлар нархи юқори ва бундан аҳоли норози эканлигини таъкидлади.
— Очиғини айтганда, бугун вилоят аҳолисининг фармацевтика маҳсулотларига бўлган талаби, унинг қанчаси маҳаллий ва қанча қисмини импорт ҳисобига қоплаш мумкинлиги, дори-дармонлар сифати бўйича на шу соҳага масъул раҳбарлар ва на соғлиқни сақлаш тизими раҳбарлари қўлида аниқ ҳисоб-китоблар йўқ, -деди вилоят раҳбари. — Ҳолбуки, аҳоли саломатлигини таъминлашда нафақат сифатли тиббий хизматни тизимли ташкил этиш, балки касалликлар профилактикаси ва даволашда кенг қўлланиладиган дори воситалари билан таъминлаш энг долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, бевосита хасталиклар профилактикаси билан узвий боғлиқ бўлган инфратузилмаларни ривожлантириш, тиббий маданият, аҳоли турмуш шароитини давр талаби даражасига кўтариш мақсадлари учун 2017-2023 йиллар давомида вилоятимизга 6,1 трлн. сўм маблағ ажратди. Шундан 419 млрд. сўми тиббий соҳага берилди. Жумладан, ажратилган маблағ ҳисобидан 36 та тиббиёт муассасалари бинолари янгидан қурилди. 151 та муассасалар биноси реконструкция қилинди, 128 таси мукаммал таъмирланди.
Вилоят аҳоли яшаш жойларида ичимлик суви, оқава сув тармоқлари ўтказиш ҳам одамлар саломатлиги билан узвий боғлиқ масалалар ҳисобланади. Шунинг учун бу соҳани ривожлантиришга 1,1 трлн сўм ажратилиб, 2 647 км ичимлик суви тармоқлари, 84 та иншоотлар янгидан қурилди ва реконструкция қилинди. Амалга оширилган ишлар натижасида 250 минг нафар фуқаролар биринчи марта тармоқли ичимлик сувидан баҳраманд бўлишди. 150 та маҳаллада яшовчи 674 минг аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди.
Шунингдек, 143,2 км оқава сув тармоқлари қурилди, 7 та оқава сув иншоотлари бунёд этилди.
Одамлар саломатлигини муҳофаза этиш, фармацевтика соҳасини ривожлантириш ва мавжуд табиий имкониятлардан фойдаланиш бўйича ечимини топмаётган муаммолар мавжуд. Аммо вилоят ҳокимининг шаҳар ва туман студиялари билан бўлган очиқ мулоқотидан бу тадбирга улар ҳеч қандай тайёргарликсиз келганлари сезилиб турди. Ҳатто ҳокимлар ҳам умумий гапдан нарига ўтишмади. Вилоят ҳокими Дўстлик туманида фармацевтика соҳасини ривожлантириш бўйича ишлар олиб борилаётгани алоҳида таъкидлаб ўтди.
Асад МУСТАФОЕВ