ФИДОЙИ МЕҲНАТГА МУНОСИБ РАҒБАТ

“…Ҳозирги ўта мураккаб иқлим шароитида кўплаб синов ва қийинчиликларга қарамасдан, ердан мўл ҳосил етиштириш – бу чинакам жасорат ва матонат намунасидир. Халқимиз сиздек миришкор деҳқон ва фермерлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг хақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар, тажрибали чорвадор ва пиллакорлар, жонкуяр олим ва тадқиқотчилар, кластер ходимлари тимсолида ана шундай фидойи инсонларни кўради ва эл-юрт дастурхонини тўкин қилиш йўлидаги шарафли ва олийжаноб меҳнатингизни юксак қадрлайди”.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган байрам табригидан.

 

Ер ва сув – ҳаёт манбаи. Инсон ҳаёти учун нимаики зарур бўлса, барчасини бизга мана шу саховатли замин инъом этади. Шундан бўлса керакки, ерга таъриф берганимизда она сўзини ишлатамиз. Онани ҳурмат қилиш фарзанднинг фарзи бўлгани каби ризқу насибамиз манбаига ҳурмат кўрсатиш, меҳр бериш, уни эъзозлаш ҳар бир инсоннинг бурчидир.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида ер ва сув ресурсларидан самарали, оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини оширишга энг муҳим вазифалардан бири сифатида қаралади. Ерга меҳр –  келажакка меҳр, истиқболга замин, дейиш мумкин. Бугун соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга назар ташлар эканмиз, уларнинг туб мазмун-моҳиятида эл маъмурчилиги ва халқ фаровонлигини ошириш ётганини яққол кўрамиз. Энг муҳими, деҳқон меҳнати қадрланмоқда. Бунинг ёрқин исботи, айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан таъсис этилган “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” байрам сифатида ҳар йили кенг нишонланиб келинмоқда.

Байрам муносабати билан давлатимиз раҳбарининг Қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган табриги барча-барчанинг қалбига олам-олам қувонч олиб кирди, кўнглини тоғ қадар кўтарди. Уни ўқир эканмиз, деҳқон меҳнатига юксак баҳо берилганини кўриш мумкин.

Ўтган шанба куни вилоят ҳокимлигининг анжуманлар саройида қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Унга қишлоқ ва сув хўжаликларининг фидойи ва заҳматкаш ходимлари, уста пахтакор ва ғаллакорлар, ишлаб чиқариш илғорлари, механизатору фермерлар, кластер раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.

Тадбирда вилоят ҳокими Эргаш Салиев йиғилганларни қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан самимий муборакбод этиб, шундай деди:

—Жорий йилда деҳқонларимиз қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида салмоқли ютуқларга эришдилар. Жумладан, 304 минг 200 тонна пахта, 236 минг 810 тонна дон, 479 минг 989 тонна сабзавот, 287 тонна минг 896 тонна полиз, 144 минг 807 тонна картошка, 126 минг 915 тонна мева, 859,1 тонна пилла етиштирилиб, шартномавий режалар ортиғи билан бажарилди. Яқин йилларда бундай натижага эришмагандик. Булар қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасидир. Хабарингиз бор, кейинги йилларда соҳада асосий эътибор сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни фаол жорий этиш, хўжалик ва корхоналарнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, энг муҳими, деҳқон ва фермерларнинг оғирини енгил қилишга қаратилаётир. Чўлланиш, ерларнинг шўрланишига қарши курашиш, тупроқ унумдорлигини оширишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Узоққа бормайлик, бундан 2-3 йиллар олдинни эсга олайлик. Ғаллани ўриб-янчиб олиш, пахтани йиғиштириш мавсумлари катта муаммо эди. Мана, ҳашарчиларсиз пахтани териб олса бўларканку. Ҳолбуки, ҳар йили теримга 100 минглаб ҳашарчилар жалб қилиниб, катта харажатга йўл қўйилганини яхши биласизлар…

Вилоятимиз раҳбари ўз чиқишида ана шулар ҳақида батафсил тўхталиб, хонадонларимиздаги тўкинчилик ва файз сабабчиси бўлган фидойи соҳа вакилларига эзгу тилаклар билдирди.

Шундан сўнг вилоят ҳокими Эргаш Салиев қишлоқ хўжалиги соҳасининг ривожланишига муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ юртдошларимизга Ўзбекистон Республикаси “Қишлоқ хўжалиги фидойиси”, “Илғор фермер”, “Сув хўжалиги аълочиси”, “Намунали томорқачи”, “Меҳнаткаш деҳқон” кўкрак нишонлари ҳамда Сув хўжалиги вазирлигининг ташаккурномаларини тантанали равишда топширди.

Шунингдек, байрам тадбирида вилоят ва туман сектор раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ҳоким ўринбосарлари ғалла ва пахта етиштиришда юқори ҳосилдорликка эришган фермерлар, кластер раҳбарлари, терим машиналарида энг кўп пахта терган механик-операторлар, йиғим-терим ишларида жонбозлик кўрсатган ҳамюртларимизга вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган байрам тадбирининг бадиий қисми Жиззах шаҳридаги “Яккасарой” тантаналар марказига кўчди. Деҳқонларимизнинг заҳматли меҳнатлари эвазига етиштирилган турфа хил ноз-неъматлар билан байрамона безатилган тўкин дастурхон атрофида жам бўлган тадбир иштирокчиларини вилоят ҳокими Эргаш Салиев яна бир бор байрам билан қутлади. Йиғилганлар ҳукмига катта монитор орқали воҳамизда амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар акс этган лавҳалар намойиш этилди.

—Тадбирда иштирок этаётганимдан жуда ҳам хурсандман, —дейди ғаллаороллик меҳнат фахрийси, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” унвони соҳиби Асад Абдуолимов. — Бугун вилоятимиз ҳокимидан “Намунали томорқачи” кўкрак нишонини қабул қилиб олдим. Меҳнатим қадрлангани учун миннатдорчилик билдираман. Мамлакатимиз раҳбарининг шахсан ташаббуси билан қишлоқ хўжалигида катта лойиҳалар амалга оширилаётганини вилоятимиз мисолида кўриб турибмиз. Ҳадемай, бу ўзгаришлар ўз натижасини беради. Шубҳасиз, вилоятимиз иқтисодиёти гуллаб, халқимизнинг турмуш фаровонлигининг янада ошишига шак-шубҳа йўқ.

—Ўзбекистон Республикаси “Илғор фермер” кўкрак нишони нафақат менга, бутун туманимиз деҳқонларига берилган мукофот деб биламан, — дейди Дўстлик туманидаги “1 сентябрь” фермер хўжалигининг раиси Холмурод Болиев. — Туманимиз ғаллакору пахтакорлари учун йил муваффақиятли якунланаяпти. Режани ортиғи билан бажардик. Бунда хўжалигимиз аъзоларининг ҳам муносиб улуши бор. Фурсатдан фойдаланиб, барча қишлоқ хўжалиги ходимларини байрам билан қутлайман! Ҳамиша меҳнатингиз роҳатини кўринг.

Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган байрам тадбири куй-қўшиққа уланди. Тошкент шаҳридан ташриф буюрган эл севган санъаткорлар Шоҳжаҳон Жўраев, Имрон, Шоҳруххон ва вилоятимиз санъаткорларининг чиқишлари даврага кўтаринки кайфият улашди.

 

Абдушукур ЛАПАСОВ.

(“Жиззах ҳақиқати”)

Б.ҚУДРАТОВ олган суратлар.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *