ЗАМОНАВИЙ АГРОСАНОАТ МАЖМУИ

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги саноатида замонавий инновациялар ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасида илғор технологияларни жорий этишга қаратилган йирик лойиҳалар қаторида BMB AGRO PLUS корхонаси алоҳида ўрин тутади. Корхонада Германия, Австрия, Туркия ва Хитойнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари томонидан ишланган, жаҳон стандартларига жавоб берадиган замонавий ускуналар ўрнатилган бўлиб, улар орқали йил давомида 120 000 тоннадан зиёд мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш имконияти яратилган.

Корхонада маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни икки асосий йўналишда амалга оширилади.

Биринчиси – маҳсулотларни бирламчи ва чуқур қайта ишлаш. Ушбу йўналишда йилига 18 000 тонна мева-сабзавот бирламчи қайта ишланади. Тайёр маҳсулот сифатида – 17 000 тонна пьюре, мураббо, томат пастаси ва бошқа маҳсулотлар учун мўлжалланган хомашё ишлаб чиқарилади.

Биргина 2025 йилнинг ўзида корхона томонидан помидор, олма, ўрик, шафтоли ва қовоқчадан юқори сифатли пьюре тайёрланди, шунингдек, ошқовоқ, сабзи ва булғор қалампири каби сабзавотлар замонавий технологиялар асосида қуритилди.

Иккинчи йўналиш – қўшимча қиймат яратишда энг самарали усуллардан бири ҳисобланган сублимацион қуритиш, шок ва акустик музлатиш технологияларидир. Ушбу жараёнлар орқали 65 000 тонна дуккакли маҳсулотлар сараланади, 20 000 тонна маҳсулот эса шок ва акустик усулда музлатилади.

Ушбу технологиялар маҳсулотнинг табиий таъми, ранги, витамин ва минераллар таркибини максимал даражада сақлаб қолиш имконини беради. Бу эса нафақат ички бозор, балки ташқи бозор учун ҳам жуда муҳим омилдир.

Яна бир муҳим жиҳати – корхонада амалга оширилаётган технологик жараёнлар халқаро стандартларига жавоб берувчи ISO 22000 ҳамда FSSC 22000 сифат сертификатига эга. Бу эса маҳсулотларни Яқин Шарқ, Европа ва Осиё бозорларига экспорт қилиш имкониятларини янада кенгайтиради.

Мажмуада электр энергиясини тежаш ва ундан самарали фойдаланиш мақсадида соатига 1500 кВт қувватга эга замонавий қуёш панеллари ўрнатилган. Бугунги кунда ушбу қуёш панеллари ёрдамида корхона ўз эҳтиёжлари учун зарур бўлган электр энергиясини тўлиқ мустақил равишда таъминламоқда ҳамда эҳтиёжидан ортиқ ишлаб чиқарилган энергияни белгиланган тартибда давлат электр тармоқлари корхоналарига сотиш йўлга қўйилган.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда агросаноат соҳасини ривожлантириш, маҳаллий хомашёларни чуқур қайта ишлаш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришда BMB AGRO PLUS ўзининг инновацион ечимлари, замонавий ускуналар ва юқори малакали мутахассислари билан ўз ўрнини мустаҳкамламоқда.

Корхона фаолияти нафақат иқтисодий самара беради, балки минглаб иш ўринлари яратиш, фермерлардан хомашё харид қилиш орқали қишлоқ хўжалиги занжири ривожланишига ҳам катта ҳисса қўшиб келаяпти.

BMB ҳолдинг ахборот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *