СОҒЛОМ ҲАЁТ САРИ

Президентимизнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига кўра мамлакатимизда аҳоли ва ёшларнинг спорт билан шуғулланишларини самарали йўлга қўйиш бўйича зарурий топшириқлар белгилаб берилган.

 “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида 2030 йилгача амалга оширилиши лозим бўлган кўрсаткичлар белгиланиб, унда Ёшларга оид давлат сиёсати ва спорт йўналишлари борасида қилинадиган ишлар кўрсатиб берилди. Стратегияга кўра, республикада спорт билан профессионал ва доимий шуғулланувчи ёшлар улушини ошириш бўйича спорт-таълим муассасаларида мунтазам шуғулланувчи ўғил-қизлар сонини 1 миллион нафарга етказиш, 130 минг нафарга яқин ёшларни спорт билан мунтазам шуғулланишига имконият яратиш кўзда тутилган.

Бу борада вилоятимизда ҳам қатор амалий ишлар бажарилмоқда. Ҳозирги кунда Жиззах вилоятида 20 минг нафарга яқин ёшлар спорт билан мунтазам равишда шуғулланмоқда.

—Вилоятимизда жорий йилнинг 9 ойи мобайнида аҳолининг 28,6  фоиз қисми жисмоний тарбия ва оммавий спортга жалб қилинди, — дейди Жиззах вилояти Ёшлар сиёсати ва спорт бошқармасининг ахборот хизмати мутахассиси Мансурбек Ҳайдаров. —Шундан 11,6  фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Йил якунига қадар аҳолининг 30  фоиздан ортиқ қисмини қамраб олиш режалаштирилган. Аҳолининг спортга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида ўтказиладиган спорт мусобақаларининг аҳамияти йилдан йилга ошиб бораяпти. Шу ўринда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий қилинган “Беш ташаббус” оммавий спорт мусобақаларининг умумтаълим, маҳалла ва олий таълим тизимида ҳам татбиқ этилиши ана шу мақсадга хизмат қилмоқда.

Тадбиркорлар томонидан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, қолаверса, соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ қилиш мақсад қилиниб, бунга  Жиззах шаҳридаги маҳаллаларда ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда Наврўз маҳалла фуқаролар йиғинида бўш турган жойлардан унумли фойдаланилаётир. Бу ерда аҳоли ва спортчилар учун кенг кўламли спорт объекти қурилиши бошланган. Ушбу объектда қиймати 8 млрд. сўм миқдордаги иккита 25 га 11 метрли бассейн лойиҳаси, қиймати 1,5 млрд. сўмлик велойўлаклар, 1,5 км.лик пиёдалар йўлаги қурилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, фитнес зали учун 3,5 млрд. сўм ажратилган, жами бўлиб 13 млрд. сўмлик смета харажатлари кўзда тутилган.

 

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *