Янги йил байрами яқинлашгани сайин пиротехника воситаларининг қулоқни қоматга келтирувчи овози тез-тез эшитила бошлайди. Аслида пиротехника воситалари инсон саломатлигига жиддий хавф солади. Хусусан, тананинг юз, кўз, қўл соҳаларида оғир чуқур куйиш жароҳатларининг юзага келиши, кўзларнинг шикастланиши натижасида кўриш фаолиятининг қисман ёки бутунлай бузилишига олиб келади.
Асоратлар кишиларнинг руҳий ҳолатига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам Жиззах вилояти ички ишлар органлари ходимлари томонидан мутасадди давлат органлари ва жамоатчилик фаоллари билан ҳамкорликда пиротехника воситалари билан боғлиқ қонунбузарликларнинг олдини олиш ва унга чек қўйишга қаратилган комплекс тезкор-профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
Чунончи, жорий йилнинг ўтган даврида жами 126 маротаба мақсадли рейдлар ва тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилиб, пиротехника маҳсулотларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ 33 та ҳолатлар аниқланди. Ҳуқуқбузарлардан эса жами 15 миллион 172 минг сўмлик 32 минг 621 дона маҳсулотлар олиб қўйилган.
Ҳурматли ҳамюртлар! Сиз ҳам фарзандингиз ёки бирор яқинингизга зарар етказишни истамасангиз пиротехника воисталаридан фойдаланманг! Жондан азиз деб билган болажонингизга саломатликка зарар етказувчи бу каби воситаларни совға қилманг! Бу билан Сиз аввало ўзингиз, қолаверса, қўни-қўшнилар, маҳалла ва юрт тинчлигини асраган бўласиз.
Унутманг, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига асосан пиротехника воситаларининг ноқонуний муомаласи маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Жиззах вилояти ИИБ
ахборот хизмати.