Сув – ҳаёт манбаи. Оддий истеъмолдан тортиб, қишлоқ хўжалигида етиштириладиган ноз-неъматларгача, бунёд бўлаётган осмонўпар бинолар-у, энг замонавий технологияларгача, барча-барчасини сувсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бироқ, афсуски, табиат томонидан ато этилган бебаҳо неъмат заҳиралари йилдан йилга камайиб бормоқда.
Президентимиз раислигида жорий йилнинг 29 ноябрида қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам айнан шу масала муҳокама қилинди. Йиғилишда мамлакатимиздаги сув ресурсларининг 20 фоизи ўзимизда, катта қисми қўшни давлатларда шаклланади. Иқлим ўзгариши оқибатида сув манбалари йил сайин камайиб бормоқда. Трансчегаравий дарёларни бошқариш бўйича вазият ҳам жиддий. Буларнинг таъсирида 2030 йилга бориб юртимиздаги сув танқислиги 15 миллиард куб метрга етиши эҳтимоли бор.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимиздаги жами сув ресурсининг 90 фоизи фойдаланиладиган қишлоқ хўжалигида бир гектар пахта майдонини суғориш учун йилига 10-11 минг кубметр сув сарфланаётганига урғу берди. Ҳолбуки, иқлими ва ери бизникига ўхшаш мамлакатларда сувни тўғри бошқариш, исроф қилмаслик ҳисобига бундан 2-3 баравар кам сув ишлатилаяпти. Сув хўжалигига ҳар йили ўртача 1 миллиард доллар маблағ йўналтирилмоқда. Бу соҳа бюджетдан маблағ олиш бўйича таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигидан кейин 4-ўринда туради. Аммо тизимда ҳисоб-китоб тўғри йўлга қўйилмагани, сув ресурсларини бошқаришда эскича ёндашувлар сақланиб қолгани учун кам самара бераяпти. Умуман, сув йўқотишлари оқибатида иқтисодиётимизда йилига 5 миллиард доллар ортиқча харажат қилиняпти.
Давлатимиз раҳбари сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилишини таъкидлади. Жумладан, канал ва ариқларни бетонлаш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, сувни етказиш харажатларини қисқартириш борасидаги ишлар танқидий таҳлил қилиниб, бу борада амалга ошириладиган долзарб вазифалар белгиланди. Бу вазифаларнинг молиявий-ташкилий жиҳатлари бўйича кўрсатмалар берилар экан, сув тежаш жорий этилган майдонларни ҳар йили кенгайтириб бориш, Туркия, Испания ва Хитойнинг бу бўйича тажрибасини ўрганиш муҳимлиги таъкидланди.
Видеоселекторда муҳокама қилинган масалалар ҳақида мушоҳада юритар эканман, сувни тежаш, уни исроф қилмасдан фойдаланиш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарзлиги аён бўлади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда Инсон ва унинг манфаатлари энг олий қадрият деб қаралаётган ислоҳотлар сабаб, бугунги кунда тоза ичимлик суви билан таъминланган маҳаллалар, хонадонлар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Яшириб нима қилдик, яқин яқингача ичимлик сувини фалон пулга сотиб олаётган маҳалларда бугунги кунда қувурлар орқали келаётган сув исроф қилинмоқда.
Бугун маҳаллаларда сувга бўлган муносабатни кўриб, жонингиз ачийди. Кўчалардаги жўмракларнинг ишдан чиққанлиги сабабли, сув бекорга оқиб ётибди. Автомобилларни ювиш шохобчаларида ҳам тоза ичимлик суви ишлатиляпти
Тадқиқотчи Отабек Бакировнинг хорижий мамлакатларда, айниқса, европаликларнинг сувга бўлган муносабати ҳақидаги фикрлари кўпчиликни ўйга солади. “Улар бизнинг халқимиздан ақлли бўлгани учун сувга муносабатлари ўзгачами? Йўқ, улар сувга биздан кўра бир неча ўн марта кўп хақ тўлагани учун сувдан тежамли фойдаланишади” деган гаплари нақадар ҳаққоний. Очиғини айтиш керак, тоза ичимлик суви нархининг арзонлиги ҳам исрофгарчиликка сабаб бўлаяпти. Олдимизда оқаётган сувнинг қадри бўлиши учун, уни хонадонларимизгача етиб келишида сарфланаётган маблағ, соҳада ишлаётган одамларнинг меҳнати қадр топиши керак.
Сув ўз номи билан бебаҳо неъмат, у текин эмас. “Қандай неъматни хор қилсанг, унга албатта зор бўласан”, дейди доно халқимиз. Шундай экан, сувни тежаш, унинг ортиқча исроф бўлишига йўл қўймаслик сув танқислиги муаммосига ечим топишдаги ҳар биримизнинг қўшган ҳиссамиз эканлигини унутмайлик.
Шерзод МАМАТҚУЛОВ
O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши аппарат раҳбари